Маҳаллаларда кўклам нафаси
Ўлкамизга ўз сепини ёйиб, янги умидлар фасли – Баҳор киритиб келди. Табиат уйғониб, ҳаёт яна жонланмоқда. Дала ва боғларда яшил майсалар кўриниб, дарахтлар куртак ёзмоқда. Баҳор нафақат табиатнинг, балки инсон қалбининг ҳам янгиланиш фаслидир.
Қаҳратон қишнинг совуқ дамларидан сўнг баҳорий илиқлик ҳар бир қалбга қувонч олиб киради. Фаслларнинг бу гўзал алмашинуви бизга ҳар бир машаққат кетидан енгиллик келишини эслатади. Юртимизга тўкинлик дарагини олиб келувчи кўклам фаслда ҳамманинг нияти бу йилги ҳосил мўл, аҳоли фаровонлиги юксалишидан умидвор бўлинади.

Айниқса, Наврўзи олам асрлар давомида баҳор, эзryлик, меҳр-оқибат меҳнат ва бунёдкорлик рамзи сифатида мамлакатимиз ижтимоий-маънавий ҳаётида беқиёс ўрин тyтиб келмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 21 февралдаги “2025 йил Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан жойларда қадриятларимиз байрамини муносиб нишонлаш, аҳоли ўртасида турли бадиий, спорт ва ижтимоий тадбирларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Наманган вилоятидаги 800 га яқин маҳаллаларда Наврўзи олам шодиёналари “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида юқори савияда нишонланмоқда. Жумладан, умумхалқ байрами муносабати билан Янгиқўрғон туманидаги Дўстлик маҳалласида сумалак сайли ва маҳалла аҳолисига “Бир пиёла чой” уюштирилди. Элга дошқозонда ош тарқатилди.
Маҳалла аҳлининг шижоати туман ҳокимлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ва саховатпеша тадбиркорлар томонидан қўллаб-қувватланди.

– Ҳар йили Наврўз байрамини маҳалладошларимиз билан кенг нишонлаймиз, сумалаклар қайнатиб эл-юртга улашамиз, – дейди Дўстлик маҳалласида истиқомат қилувчи Омина Абдуллаева. – Мақсадимиз юртимиз тинчлиги, миришкорларнинг ҳосиллари мўл-кўл бўлишини тилаб дуолар қиламиз. Бу йилги баҳор ва Наврўз шодиёналари муқаддас Рамазон ойига ҳамоҳанг кириб келиши аҳоли кайфиятини янада кўтараётгани шубҳасиз, албатта. Бу муқаддас ойда, айниқса, маҳалладошларимиз моддий ёрдамга муҳтож кишилар, ногиронлиги бор оилалар, беморлар ҳолидан хабар олиб, уларнинг кўнглини хушнуд қилиш, савобли ишларни бажаришга хайрихоҳ бўлишади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА