Ўзбек хонадонлари ўзининг озодалиги билан файзга тўлиб туради. Бунинг замирида узоқ даврларга бориб тақаладиган анъаналар мужассамдир. Айниқса, байрамлар яқинлашган паллаларда бу анъаналар янада жозиба кашф этади. Юртимизда эса байрам шукуҳи ҳукм сурмоқда. Қутлуғ айёмни тоза ва обод ҳолда кутиб олиш мақсадида умумхалқ ҳашарлари ўтказиш эзгу анъанага айланган. Шу жиҳатдан, мамлакатимиз давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги арафасида ҳам республика бўйлаб “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида хайрия ҳашарлари бошланган.

Наманган вилоятида ҳам юксак уюшқоқлик билан ташкил этилаётган хайрия тадбирлари доирасида шаҳар ва туман маҳаллаларидаги кўп қаватли уйлар атрофи, кўча ва хиёбонлар, болалар майдончалари, зиёратгоҳлар ва қабристонлар тозаланиб, тартибга келтирилди. Янги дарахт ва гул кўчатлари ўтқазилиб, мавжуд яшил ҳудудлар ҳам кўркам қиёфа касб этмоқда.
Умумхалқ хайрия ҳашари Уйчи туманининг барча маҳаллаларида ҳам уюшқоқликда давом этмоқда. Хусусан, “Янгиер” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида кенг кўламда ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. “Маҳалла еттилиги” ходимлари эса кўчаларга бириктирилиб, “кўчабай” ишлар ташкил этилмоқда.

Йўл бўйлари бегона ўтлардан тозаланмоқда, сув йўллари равон ҳолатга келтирилмоқда, дарахтларга шакл берилиб, остки қисми оқланмоқда. Айниқса, туман ободонлаштириш бошқармасининг ишчилари, Ёшлар иттифоқи вакиллари ва маҳалла фаоллари кўтаринкилик билан иштирок этмоқда.
Эрта тонгдан Чортоқ туманидаги барча маҳаллаларда халқимизга хос ҳамжиҳатлик, ўзаро ёрдам ва бирдамлик руҳи яққол намоён бўлди. Карнай-сурнайлар садоси остида бошланган ҳашар тадбирларида давлат ва жамоат ташкилотлари, корхона ва муассаса ходимлари, шунингдек, кенг жамоатчилик фаоллик кўрсатмоқда.
Дарҳақиқат, чортоқликларнинг фидойилиги намоён бўлаётган ҳашар нафақат маҳаллаларнинг кўрки, балки бирдамлик ва ҳамжиҳатлик тимсоли сифатида ҳам катта аҳамият касб этмоқда.

Учқўрғон туманида маҳалла фаоллари, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, ёшлар ва нуронийлар бир ёқадан бош чиқариб ҳашарда қатнашмоқдалар. Хайрия ҳашари давомида кўп қаватли уйлар атрофи, кўча ва хиёбонлар, зиёратгоҳлар ва қабристонлар тартибга келтирилди. Янги дарахт ва гул кўчатлари ўтқазилди, мавжуд яшил ҳудудларга чиройли кўриниш берилди.
Ҳашарда элимизга хос бўлган, асрлар оша сайқал топиб келаётган меҳр ва оқибат, инсонпарварлик ва саховат каби хислатлар яна бир карра ўз ифодасини топади. Туман ҳокимлиги ташаббуси билан ҳомийлар иштирокида ижтимоий ҳимояга муҳтож камбағал, ногиронлиги мавжуд оилалар, ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва зарур ёрдамлар тақдим этилди.
Таъкидлаш жоиз, Наманганда икки кунлик хайрия ҳашарини юксак савияда ва кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармасида мувофиқлаштириш штаби тузилган. Айни пайтда штаб аъзолари шаҳар ва туманларда давом этаётган ҳашар жараёнларини ўрганиб, таҳлил қилиб бормоқда.

Штаб маълумотларига кўра, умумхалқ хайрия ҳашари доирасида вилоят бўйича 754 маҳалла, 121 аҳоли пункти, 2 минг 363 кўп қаватли уй, 417 мингдан зиёд ҳовли, 342 гузар, 18 хиёбон, 43 зиёратгоҳ, 676 қабристон, 7 минг 17 кўча, 1 минг 298 болалар ва спорт майдончаси ободонлаштирилади. 3,9 миллионга яқин дарахтлар оқланиб, таги юмшатилиб, суғорилади.
Қолаверса, 518 нафар эҳтиёжманд оила, 14 минг 880 дан ортиқ боқувчисиз қолган кекса ва ногиронлиги бор кишилар ҳолидан хабар олинади. Саховат ва кўмак сифатида 19,2 мингдан зиёд фуқароларнинг уй-жойлари тозаланиб, тартибга келтирилади. Шунингдек, 754 нафар фуқаронинг уйлари таъмирлаб берилади.
Бир сўз билан айтганда, бирдамлик ва меҳр-оқибат руҳида ўтаётган мазкур хайрия тадбири инсонлар кўнглида байрамона кайфият уйғотиб, Ватанимиз мустақиллиги байрамига муносиб туҳфа бўлмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА