Моҳидил Сайфутдинова “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси маҳалла банкири вазифасида фаолият олиб боради.
Унга Навоий шаҳридаги Чинор, Умид, Мурувват ва Зарафшон маҳаллалари бириктирилган бўлиб, ёрдамчи-агентлар билан биргаликда аҳоли бандлигини таъминлашга, маҳалланинг тадбиркорлик қилиш имкониятларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шунингдек, у аҳоли ва кичик бизнес вакиллари билан мулоқотда бўлиб, уларнинг ғояларини лойиҳаларга айлантириш орқали янги иш ўринларини яратишга, бизнесини йўлга қўйиш, аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш, шу билан биргаликда маҳалла фуқаролари ва тадбиркорлари учун “Лойиҳалар ярмаркаси” ташкил этиб, маҳалла иқтисодий салоҳиятини ошириб боришга ҳаракат қилмоқда.
Бугунги кунда “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан Навоий шаҳридаги 12 та, Конимех туманидаги 8 та маҳаллага 5 та маҳалла банкири ва 20 та ёрдамчи-агент бириктирилган.
– Белгиланган вазифаларни босқичма-босқич, самарали амалга ошириш учун бугунги кунда “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ томонидан маҳалла аҳолисига “Бизнесга биринчи қадам”, “Томорқа бизнес”, “Маҳаллада бизнес”, “BRB Start-up”, “Business woman” каби бир қатор имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши йўлга қўйилди, – дейди М.Сайфутдинова. – Жумладан, Навоий шаҳридаги ўзим бириктирилган 4 та маҳалла мисолида оладиган бўлсак, жорий йил бошидан ҳозирги кунга қадар 3 миллиард 223 миллион сўмлик 56 та микролойиҳалар амалга оширилиб, 135 нафар аҳоли даромадли меҳнат билан банд қилинди. “Маҳалла лойиҳаси” ва “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури” бўйича эса 4 миллиард 503 миллион сўмга тенг 29 та лойиҳа амалга оширилди. Шу билан бирга, 4 та маҳалладаги кам даромадли аҳолининг иқтисодий ҳолатини яхшилаш бўйича 22 та лойиҳа пакетлари етказиб берилди. Бизнесни илк бор бошлаган маҳалла фуқароларига “Бизнесга биринчи қадам” дастури доирасида 687 миллион сўмга тенг 42 та кредит ажратилди.
Жумладан, ихтисослашган маҳалла ҳудудида “Xasan Nur Hayot” МЧЖ раҳбари билан ўзаро ҳамкорликда маиший хизматлар кўрсатиш комплекси лойиҳаси амалга оширилди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун жиҳоз ва ускуналар сотиб олиш мақсадида банк томонидан 250 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратиб берилди. Натижада бўш турган бинода гўзаллик салони, ўқув маркази фаолияти йўлга қўйилиб, 10 та янги иш ўрни яратилди. Бугунги кунда ушбу хизмат кўрсатиш марказининг гўзаллик салонида бир ойда ўртача 200 нафар фуқарога сифатли маиший хизмат кўрсатилаётган бўлса, ўқув марказида эса 6 та гуруҳда 100 нафардан ортиқ ёшларга хорижий тиллардан сабоқ бериб келинмоқда.
[gallery-22732]
Бундан ташқари, “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш дастури” бўйича мазкур банкка бириктирилган Навоий шаҳридаги 12 та маҳаллада 2,2 миллиард сўмга тенг 16 та лойиҳа амалга оширилди. Натижада 20 дан зиёд янги иш ўрни яратилди.
Албатта, маҳалла банкирлари фаолиятининг йўлга қўйилишидан асосий мақсад ҳам “маҳалла еттилиги” билан биргаликда маҳаллалар иқтисодий-ижтимоий салоҳиятини ошириб бориш ҳамда йил якунига қадар ушбу маҳаллаларни ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудларга айлантиришдир.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари