Навоий вилоят солиқ бошқармасида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида “2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йилдаги устувор вазифалар” мавзусида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Таъкидланганидек, 2024 йил учун вилоят бюджет даромадларига белгиланган 2 триллион 34 миллиард сўм прогноз режа 2 триллион 140 миллиард сўмга бажарилиб, бюджетга 106 миллиард сўм қўшимча даромад яратилди. Тушумлар миқдори ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 308 миллиард сўмга ёки 117 фоизга ўсиши таъминланди.
– Вилоятда 2025 йил бюджет даромадлари прогноз режаси 4,9 триллион сўм, шундан маҳаллий бюджет даромадлари 3,4 триллион сўм қилиб белгиланган, – дейди вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зоҳиджон Шомуродов. – Прогноз режамизни бажаришда хуфиёна иқтисодиётни жиловлаш ҳисобига қўшимча даромад жалб қилишни олдимизга мақсад қилиб олганмиз. Жумладан, “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорларга мажбуриятларини бажаришда яқиндан ёрдам кўрсатиш, ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши, янги лойиҳаларни ишга туширилиши ҳамда янги ташкил этилган ва ташкил этилаётган корхоналарга кўмаклашиш мақсад қилинган. Шунингдек, қурилиш соҳасида фаолият юритаётган корхоналарни қўллаб қувватлаш ҳисобига уларда янги иш ўрни яратилиши, товар айланмасини ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш фондини ошириш, маҳалладаги имкониятларни ишга солиш, солиқ базасини кенгайтириш, тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштиришга ҳамда ўзини ўзи банд қилганларга кичик бизнес тоифасига ўтишга кўмаклашиш, яширин иқтисодиётни жиловлаш ва қўшимча манбаларни аниқлаш ҳисобига қўшимча маблағлар туширилади.
Матбуот анжуманида маҳаллабай ишлаш тизимининг жорий этилиши натижасида эришилган ютуқлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Маҳаллаларда солиқ органлари томонидан ишлашнинг янги тизими жорий этилиб, вилоятдаги 330 та маҳаллага 168 нафар солиқ хизмати органи ходими бириктирилган.
Солиқ ходимларининг маҳаллабай ишлаш тизимини ташкил этилиши натижасида 2024 йил давомида 20 минг 460 ҳолатда 16,2 миллиард сўм қўшимча солиқ ҳисобланиб, бюджетга туширилиши таъминланди.
Ўтган давр мобайнида солиқ бошқармаси ҳамда Мажбурий ижро бюролари ҳамкорлигида мавжуд солиқ қарздорликларини ундириш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган уч ойи давомида 430 та қарздор корхоналарнинг 54,2 миллиард сўмлик солиқ қарзи юзасидан хўжалик юритувчи субъектлар балансидаги 290 та кўчмас мулк, 45 та транспорт воситаси, 70 та қишлоқ хўжалиги техникаси ва 25 та бошқа турдаги мол-мулк хатланди. Шунингдек, хатлов жараёнларида 21,5 миллиард сўм миқдорида солиқ қарздорлиги ундирилиши таъминланди. Қолаверса, Президентимизнинг 2025 йил 19 мартдаги “Кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан жорий этилган қатор имтиёзлар сабаб вилоятда фаолият юритаётган фермер хўжаликларининг солиқ қарздорлиги бўйича ҳисобланган 19,4 миллиард сўм миқдоридаги пеняси ҳисобдан чиқарилиб, суд ва ижро ишларининг ушбу пеняни ундириш билан боғлиқ қисми тугатилди.
[gallery-22753]
Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикасининг 2025 йилга мўлжалланган солиқ сиёсати концепцияси доирасида қонунчиликка киритилган асосий ўзгартиришлар, 2025 йилда юридик ва жисмоний шахслар учун айрим солиқларни ҳисоблаб чиқариш мақсадида қўлланиладиган коэффициентлар, мутлақ миқдор суммаларини тасдиқлаш тўғрисидаги халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши қарори тўғрисида ҳам маълумот берилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари