Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрькуни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси мамлакат тараққиётининг янги босқичини белгилаб берган, чуқур таҳлил ва аниқ стратегик мақсадларга асосланган дастурий ҳужжат сифатида тарихга кирди. Ушбу Мурожаатнома нафақат иқтисодий ва сиёсий йўналишларни, балки жамиятнинг маънавий-маърифий ривожи, ижтимоий бирдамлик ва миллий қадриятлар масаласини ҳам марказий ўринга қўйди.
Давлатимиз раҳбари бундан тўққиз йил олдин иқтисодиётимиз ҳажмини 100 миллиард долларга етказиш биз учун жуда катта марра бўлиб кўринарди. Бу йил тарихимизда биринчи марта ялпи ички маҳсулотимиз 145 миллиард доллардан ошгани алоҳида таъкидлади. Инчунун, экспорт салоҳиятининг сезиларли ўсиши, камбағаллик даражасининг 5,8 фоизга туширилиши каби кўрсаткичлар иқтисодий барқарорлик билан бирга ижтимоий адолатни таъминлашга қаратилган сиёсат самараси эканини кўрсатади.
Ёки бўлмаса, глобал савдо тизимида “ўйин қоидалари” ўзгараётган бир пайтда жорий йил экспортимиз 23 фоизга ошиб, 33,4 миллиард долларга етказилиши таъкидланди. Энг муҳими, олтин-валюта захираларимиз илк бор 60 миллиард доллардан ошгани эса, мамлакатимизнинг халқаро иқтисодий майдонида ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, Жаҳон банки эълон қилиб борадиган Давлатларнинг технологик етуклик индексида Ўзбекистон 71 поғона юқори кўтарилиб, дунёнинг Топ-10 та мамлакати қаторидан жой олгани, алоҳида таъкидланди. Дарҳақиқат, бу кўрсаткичлар шунчаки рейтинг эмас, балки Янги Ўзбекистоннинг муносиб ўрни. Бу албатта, бугунги таҳликали даврда арзирли ўсиш нуқтаси сифатида кўриш мумкин.
Маҳалла – ижтимоий капитал ва маънавий тарбия маскани
Президентимиз таъкидлаганидек: “Биз – бугун 38 миллиондан зиёд катта халқмиз. Машаққатли ва шарафли меҳнатимиз билан дунёда ҳурмат топаётган, эртанги кунга ишонч билан дадил бораётган, матонатли ва ғурури баланд миллатмиз!” Бу сўзлар Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг мазмун-моҳиятини, халқимизнинг куч-қудрати ва келажакка бўлган ишончини яққол ифодалайди. 2026-йил эса ана шу ишончни амалда тасдиқлайдиган, тараққиёт тарихимизда янги саҳифа очадиган йил бўлиши кутилмоқда.
Хусусан, маҳалла институтига алоҳида урғу берилгани бежиз эмас. Маҳалла — асрлар давомида халқимизнинг бирдамлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ғамхўрлик мактаби бўлиб келган ноёб ижтимоий институтдир. Ижтимоий сўровларда аҳолининг 90 фоизи ўзини маҳалла жамоасининг бир қисми деб ҳисоблаши маҳалланинг жамият ҳаётидаги таъсири қанчалик чуқур эканини яққол намоён этади.
Хусусан, Мурожаатномада белгилаб берилган 6 та устувор йўналиш ана шу улкан мақсадларга хизмат қилади. Уларнинг биринчи ва энг диққатга сазовор йўналиши – маҳалла инфратузилмасини тубдан яхшилашдир. Чунки юрт ободлиги, аввало, маҳалладаги шароитлар билан ўлчанади. Йўл, сув, электр, транспорт, боғча, мактаб ва тиббиёт муассасаларидаги янгиланишлар – аҳолимизнинг турмуш тарзини ижобий томонга ўзгариб бораётганини кўрсатиб берувчи муҳим жиҳатлардир.
Юртбошимизнинг “Маҳалла тинч бўлса, жамият тинч бўлади” деган фикри чуқур фалсафий мазмунга эга. Чунки маҳалла нафақат ҳудудий бирлик, балки маънавий муҳит, тарбия маскани, ижтимоий масъулият ва фуқаролик онгининг шаклланиш жойидир. Шу боис 2026-йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши маънавий-маърифий сиёсатда янги босқич бошланганидан далолат беради.
Маънавий юксалиш – барқарор тараққиёт асоси
Жамиятда турли фикр ва қарашларнинг мавжудлиги демократиянинг табиий талаби экани таъкидланар экан, Президент барчани бирлаштирадиган улуғ ғоя – Ватан ва халқ манфаати эканини алоҳида қайд этди. Бу ғоя жамиятда маънавий иммунитетни шакллантириш, ёш авлодни ватанпарварлик, фидойилик ва масъулият руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Истеъдодли ёшларнинг илм-фан, маданият, спорт ва санъат соҳаларидаги ютуқлари Янги Ўзбекистоннинг маънавий қиёфасини белгилаб бераётган омиллардандир. Шу билан бирга, таълим, касбий тайёргарлик ва маънавий тарбия уйғунлиги келгуси тараққиётнинг ҳал қилувчи шарти сифатида намоён бўлмоқда.
Айниқса, маҳаллалардаги аҳолини, хусусан, хотин-қизларни спортга кенг жалб этиш, бунинг учун зарур инфратузилмани яратиш бўйича уч йиллик дастур қабул қилиниб, бунга 1 триллион сўм йўналтирилиши, маҳалла ёшларининг китобхонликка бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида мактаб кутубхоналари ҳар йили 10 миллион дона бадиий адабиётлар билан таъминлаш режаси мамлакатимиз ёшлари учун ҳақиқий совға бўлади. Бу эса, ўсиб келаётган ёш авлод учун, уларнинг таълими, интелектуал салоҳиятини янада оширишга, халқаро майдонда ўзбек болаларининг ҳақиқий билимини намоён этишга асосий пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, маънавият соҳаси янада ривожлантирилиб, ижтимоий-маданий ҳаётимиздаги муҳим саналар кенг нишонланиши таъкидланди.
Жумладан, барча ютуқ ва ғалабаларимизнинг пойдевори бўлган Ватанимиз мустақиллигининг шонли 35 йиллиги катта байрам сифатида ўтказилиши, Соҳибқирон Амир Темур, Мир Алишер Навоий боболаримизнинг қутлуғ таваллуд айёмларига тайёргарликни ҳозирдан бошлаш кераклиги қайд этилди.
Президент Мурожаатномаси – бу фақат йиллик ҳисобот ёки режалар мажмуаси эмас, балки жамиятни маънавий жиҳатдан сафарбар қиладиган, келажакка ишонч ва масъулият туйғусини мустаҳкамлайдиган даъватдир. Маҳаллага таянадиган, инсон қадрини улуғлайдиган, адолат ва қонун устуворлигига асосланган Янги Ўзбекистон ғояси ҳар бир фуқарони фаол ҳаётий позитсияга чорлайди.
Бирдамликда ҳаракат қилган халқгина буюк мақсадларга етади. Мурожаатномада илгари сурилган ғоя ва устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш эса ҳар биримиздан маънавий етуклик, фуқаролик масъулияти ва Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини талаб этади.
Ж. БОЛТАEВ,
Ш. ЮНУСАЛИEВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази маъсул ходими.
ЎзА