Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашининг ижтимоий соҳа, ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари бўйича доимий комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни доимий комиссия раиси Ж.Матниёзов олиб борди.
Маҳаллалар уюшмаси Бухоро шаҳар бўлими томонидан 2025 йилнинг ўтган даври мобайнида амалга оширилган ишлар тўғрисида бўлим бошлиғи А.Ҳамроев ахборот берди. Таъкидланишича, маҳаллаларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармасига 1 миллиард 910 миллион 619,5 минг сўм маблағ келиб тушган. Ушбу маблағ маҳалла фуқаролар йиғинлари манфаатлари йўлида қай мақсадларда сарфланганлиги таҳлил этилди. Жумладан, 14 та маҳалла биносига қуёш панеллари ўрнатиш, 40 та маҳалла фуқаролар йиғинларига иссиқхона қуриш, 5 та маҳаллага замонавий моноблок олиш ва бошқа бир қатор маҳаллалар учун замонавий рангли принтерлар харид қилиш ва бошқа кўплаб зарур ишларга сарфланган.
“Обод маҳалла”, “Обод кўча”, “Обод хонадон” мезонларини жорий қилишга аҳолининг, айниқса, ёшларнинг фаол иштироки таъминланиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ҳар томонлама моддий кўмак берилганлиги ҳам таъкидланди.
Йиғилишда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги иштирокини янада мустаҳкамлаш ва муаммоларини ҳал этиш, гендер тенглигини таъминлаш борасида ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар ҳақида Бухоро шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлими бош мутахассиси Г.Бозорованинг ахбороти ҳам тингланди.

Шаҳарда бугунги кунда 30 ёшдан ошган 63717 нафар аёллар бўлиб, уларнинг 62713 нафари билан тегишли суҳбатлар ўтказилган. Амалга оширилган хатлов натижасида 729 нафар аёллар ички ва ташқи миграцияда эканлиги аниқланган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар 4055 нафар бўлиб, уларнинг 3089 нафари бандлиги таъминланган. Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган аёлларнинг 158 нафарига имтиёзли кредитлар ажратилган. Шунингдек, қарамоғида ногирон боласи бўлган, боқувчисини йўқотган, фарзандлари олий таълим муассасаларида ўқиётган оилаларга ҳам “Аёллар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиявий ёрдам берилгани айтиб ўтилди.
Жамоатчилик кенгашлари, имом хатиб ва отинойиларни жалб қилган ҳолда эндиликда Бухоро шаҳрида 160 та оиладаги муаммолар бартараф этилиб, бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Ажрим ёқасига келиб қолган ва низоли оилалардаги шарт-шароитлар ҳам атрофлича ўрганиб чиқилиб, 164 та оилани яраштириш чоралари кўрилган.
Доимий комиссия йиғилишида сўз олган Олий Мажлис сенати аъзоси М.Тошева ва бошқалар муҳокама этилган масалалар бўйича ўз фикр- мулоҳазаларини билдирар экан, маҳалла фуқаролар йиғинлардаги “еттилик” тизими масъуллари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг маҳалладошлар билан ҳамжиҳатликда иш олиб боришларига эришиш, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари обрўсини ошириш, маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича олиб борилиши зарур бўлган долзарб вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган бир қатор асослантирилган ўз таклиф ва фикр-мулоҳазаларини баён этди.
Хотин-қизларни ижтимоий иқтисодий ва ҳуқуқий муҳофазалаш ишлари ҳам шу куннинг муҳим вазифаларидан бири эканлигини ҳисобга олиб уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айниқса, тадбиркорлик ёки касаначилик билан шуғулланиш истагида бўлган аёлларга ҳар томонлама кўмаклашиш, ишсиз аёл қизларни барқарор иш ўрни билан таъминлаш масалалари бўйича ҳам йиғилишда сўз юритилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири