Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Маданият таълими маркази” давлат муассасаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
маданият ва санъат соҳасидаги умумий ўрта, мактабдан ташқари, касбий, олий таълим ташкилотлари фаолиятини методик жиҳатдан мувофиқлаштириш, мазкур таълим ташкилотларида таълим сифати ҳамда самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;
республиканинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган истеъдодли ёшларни аниқлаш, маданият ва санъат соҳасидаги таълим ташкилотларига мақсадли йўналтириш, селекция асосида тайёрлаш ҳамда уларнинг ўз иқтидорини намоён этиш йўналишларининг илмий ва услубий асосларини яратиш, амалиётга татбиқ этиш;
маданият ва санъат таълимини хорижий илғор тажриба асосида такомиллаштириш, шу жумладан, таълим босқичларида интеграциялашаган таълим даражаларини бериш, билимни баҳолаш ҳамда таълим сифатини назорат қилишнинг замонавий услубларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;
меҳнат бозорининг соҳа кадрларига эҳтиёжи ва ривожланиш тенденцияларини таҳлил қилиш, давлат буюртмаси асосида кадрлар тайёрлаш бўйича қабул параметрларини шакллантириш, шунингдек, таълим олувчилар ва педагогларга қўйилган малака талабларини такомиллаштириш тўғрисида таклифлар тайёрлаш;
маданият ва санъат соҳасидаги таълим ташкилотларининг раҳбар ва педагог кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг илғор шаклларини жорий қилиш, педагогларнинг касбий маҳоратини узлуксиз ошириб бориш учун шарт-шароитлар яратиш;
маданият ва санъат таълими соҳасини ривожлантиришга қаратилган таҳлилий ва амалий тадқиқотлар ўтказиш, таълим жараёнида жаҳон илм-фани ва технологиялари ютуқларидан кенг фойдаланиш бўйича илмий ишланмалар тайёрланишини ташкил эиш;
маданият ва санъат тизимини янада такомиллаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда ваколатли давлат бошқаруви органлари билан маданият ва санъат соҳасидаги таълим ташкилотларида жорий этиш.
Қарорда Марказ:
2025 йил 10 январга қадар маданият ва санъат таълими соҳасини янада ривожлантириш, шу жумладан, номатив-ҳуқуқий базани тўлиқ хатловдан ўтказиши, янада такомиллаштириш ҳамда ушбу соҳада кадрлар тайёрланадиган таълим ташкилотларидаги муаммо ва таклифларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиши;
2025 йил 1 мартга қадар халқаро ташкилотлар ва хорижий экспертлар билан ҳамкорлик ишларини йўлга қўйиши;
маданият ва санъат таълими тизимидаги таълим ташкилотларида халқаро стандартлар ва илғор тажрибани қўллаш орқали кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш юзасидан Маданият вазирлигига таклифлар киритиши белгиланган.
ЎзА