Бухоро вилояти маданият бошқармаси бошлиғи Шерзод Тилавов бошчилигидаги делегация Россия Федерациясининг Челябинск вилоятида хизмат сафарида бўлиб, икки томонлама ўзаро маданий ҳамкорлик ришталарини янада ривожлантиришга доир музокараларда иштирок этди.
– Миллатлараро дўстликнинг ёрқин кўриниши сифатидаги ижодий ҳамкорлик Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги маданий алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилиши билан аҳамиятли, – дейди Шерзод Тилавов. – Бухоро вилояти маданият муассасалари ва Россиянинг нуфузли санъат ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик меморандум имзоланди. Бу меморандум икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда янги пойдевор бўлиб хизмат қилади.



Челябинск давлат филармонияси бош директори А.Пелймский ва Бухоро вилоят филармонияси директори Р.Авезов томонидан имзоланган меморандумда ўзаро тажриба алмашинуви, санъат фестиваллари ва ижодий сафарлар белгиланди. Жумладан, гастроль сафарларини ташкил этиш, маҳорат дарсларини ўтказиш, ҳамкорликдаги спектакллар ва санъат тадбирларини уюштириш каби масалалар муҳокама қилинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.