Лойиҳалар самара бермоқда
Сўнгги йилларда дунё миқёсида кузатилаётган иқлим ўзгаришлари, аҳоли сонининг ўсиши ва қишлоқ хўжалигида сувга бўлган эҳтиёжнинг ортиши сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласини кун тартибига қўймоқда. Бу жараён Ўзбекистонда ҳам, айниқса қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ҳудудларда, жумладан Сирдарё вилоятида яққол сезилмоқда. Шу боис сув тежаш, замонавий технологияларни жорий этиш ва бошқарувда самарадорликка эришиш давлат сиёсати даражасида устувор вазифа сифатида белгиланган.
Мазкур мақсадлар ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан Сирдарё вилояти Сирдарё туманидаги Шоликор СИУ ҳудудида жойлашган Шоликор насос станциясида навбатдаги кўргазмали семинар ўтказилди. Унда Қуйи ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тизимида фаолият юритаётган ирригаторлар, маҳаллий фермер ва деҳқон хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги кластерлари раҳбарлари иштирок этишди.
Семинарда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири ўринбосари Миролимжон Каримов, Сув хўжалиги вазирлигининг Давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг хизматини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Азам Тагаев, Қуйи ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Нуркамол Отақулов, Сирдарё тумани ҳокими Азиз Турдимуродов ҳамда соҳанинг етакчи мутахассислари ҳам ҳозир бўлишди.

Тадбир давомида вилоятда мавжуд насос станцияларини давлат-хусусий шериклик (ДХШ) шартлари асосида бошқарувга бериш тажрибаси, ушбу механизмнинг иқтисодий ва амалий афзалликлари, шунингдек, “Гулистон агро гроп” МЧЖ томонидан Сирдарё туманидаги 6-сон насос станциясини ДХШ асосида қабул қилиб олиш натижалари атрофлича муҳокама қилинди.
Маълум қилинишича, Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тасарруфидаги насос станциялари ва энергетика бошқармаси тизимида жами 24 та насос станцияси давлат-хусусий шериклик асосида хусусий шерикларга берилган. Ушбу лойиҳаларнинг умумий қиймати 462,4 миллиард сўмни ташкил этиб, 16,6 миллиард сўм инвестиция маблағлари жалб қилинган. Лойиҳалар доирасида насос станцияларини модернизация қилиш, энергия тежовчи ва рақамли бошқарув технологияларини жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Натижада электр энергияси сарфини 5 фоиздан 30 фоизгача қисқартириш, йиллик 1,5 миллион кВт электр энергиясини иқтисод қилиш, 28,1 минг гектар суғориладиган ер майдонларининг сув таъминотини яхшилаш имконияти яратилмоқда.
Жумладан, Сирдарё туманида жойлашган “Шоликор” ва “Шўрўзак” насос станциялари “Гулистон Агро Гроуп” МЧЖга давлат-хусусий шериклик асосида 10 йил муддатга бошқарувга берилган. Лойиҳа қиймати 33,5 миллиард сўмни ташкил этиб, 1,559 миллиард сўм инвестиция киритиш мажбурияти белгиланган. Ушбу инвестиция маблағлари 2022 йилнинг ўзида тўлиқ ўзлаштирилди.
Инвестиция ҳисобига Шоликор насос станциясида земснаряд харид қилиниб, дарё ўзани ва сув келтирувчи каналларда мунтазам тозалаш ишлари йўлга қўйилди. Насос агрегатлари, электродвигателлар, босимли қувурлар, электр таъминоти ва хавфсизлик тизимлари тўлиқ янгиланди, насос станцияси биноси ҳамда хизмат хоналари реконструкция қилинди.

2025 йил якунларига кўра, 4,5 миллион кВт электр энергияси сарфланган ҳолда 78,6 миллион куб метр сув чиқарилишига эришилди. “Шўрўзак” насос станциясида эса частота ўзгартирувчи қурилмалар, конденсатор ускуналари ва қуёш панеллари ўрнатилиб, йирик қувватли электродвигателлар тўлиқ таъмирдан чиқарилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти 90 фоизга етказилиб, 3500 гектар ер майдонларининг сув таъминоти яхшиланди. Шунингдек, йил якунида ўтган йилларга нисбатан 358 минг кВт ёки 7,5 фоиз электр энергияси иқтисод қилинди.
Семинар якунида иштирокчилар давлат-хусусий шериклик сув хўжалигида самарали ва барқарор механизм экани, бундай тажрибани ҳудудларда кенг жорий этиш сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири