
“Қашқадарё сув таъминоти” АЖда тизим раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда 67 миллиард сўм қарздорлик, “ақлли” сув тарқатиш шохобчаси, 55 мингтага кўпайган абонент, ичимлик суви таъминоти яхшиланган 188 маҳалла ҳақида батафсил маълумот берилди.
Анжуманда АЖ директори Бекзод Шойимов ва бошқа масъуллар қатнашди.
Тадбир давомида ўтган йилда Қашқадарё вилоятида ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари кўрсатиш бўйича амалга оширилган ишлар, ичимлик сувини тежаш, истеъмолчиларнинг тўлов интизоми, ичимлик суви ҳамда канализациядан фойдаланиш борасидаги муаммолар ҳақида сўз юритилди.
Масъулларнинг таъкидлашича, сўнгги 3 йил ичида вилоятда 233 та сув иншоотлари қурилган, 3,5 минг километр тармоқ тортилиб, натижада 301 минг нафар аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланган ёки 188 та маҳалладаги сув таъминоти яхшиланган.
2023 йилга нисбатан 54 минг 482 та аҳоли ва 250 та юридик истеъмолчи кўпайган.
Маълумот ўрнида, вилоят сув таъминоти тизимида 489 та (шундан 14 таси таъмирталаб) ичимлик сув иншооти мавжуд бўлиб, улар орқали аҳолига ичимлик суви етказиб берилмоқда.
2025 йилнинг 1 январь ҳолатида истеъмолчиларнинг фойдаланилган ичимлик суви ва кўрсатилган оқова сувларни чиқариш хизмати учун тўловлардан дебитор қарздорлиги 67,9 миллиард сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг бошига нисбатан 20,1 миллиард сўмга камайган.
Якунланган йилда Қарши шаҳрида Республикада ягона “AKSARAY” (“АКСАРАЙ”) автоматлаштирилган “ақлли” сув тарқатиш шохобчаси иш бошлаган.
Инсон омилисиз ишловчи бу шохобча 8 та сув қуйиш ускунаси орқали 24/7 режимда истеъмолчиларга хизмат қилиб келмоқда.
Бундан ташқари, вилоятда ичимлик ва оқова сув тизимини яхшилаш мақсадида бугунги кунда Халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда умумий қиймати 184,5 миллион долларга тенг 3 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.
Биргина Косон ҳамда Муборак туманларида Саудия тараққиёт ва ОПЕК жамғармаларининг 42 миллион доллар маблағи ҳисобидан сув таъминотини яхшилаш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Дастлабки босқичда туман марказларига борувчи магистрал тармоқлар тортилди. Бугунги кунда Муборак тумани Машъал маҳалласига илк бор лойиҳа доирасида ичимлик суви берилмоқда. Туманнинг ички тармоқларини тортиш ишлари олиб борилмоқда.
Косон тумани марказида 22 та маҳаллада 72,9 минг нафар аҳоли яшайди. Узоқ йиллардан бери туман марказида умуман ичимлик суви йўқ эди.
Лойиҳани амалга оширилиши натижасида, 39 маҳалладаги 152,5 минг нафар аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланади.
Шунингдек, канализация тизимини жорий қилиш бўйича ҳам 2 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
[gallery-22316]
Жумладан, “Қарши шаҳри канализация тизимини реконструкция қилиш ва қуриш” лойиҳаси шулардан бири бўлиб, уни амалга ошириш учун Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 60 миллион доллар маблағи жалб этилган.
Кейингиси “Шаҳрисабз шаҳри ва Китоб тумани марказида оқова сув тизимларини реконструкция қилиш ва қуриш” лойиҳаси бўлиб, уни амалга ошириш учун Франция тараққиёт агентлигининг 81,7 миллион доллар маблағи жалб этилган.
Лойиҳа тўлиқ ишга туширилгандан сўнг ҳудудлардаги 110 та маҳаллада истиқомат қилувчи 454,4 минг аҳоли марказлашган оқова сув хизматлари билан таъминланади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари