Германиянинг Мюнхен шаҳридаги Олимпия стадионида Бутунжаҳон ёшлар саммити ташкил этилди. Бу йилги форумда 190 дан ортиқ мамлакат ёшлари қатори Ўзбекистон талабалар иттифоқининг Буюк Британиядаги директори Аша Бухарбаева ҳам иштирок этди.
Ушбу ташаббус мамлакатимизнинг Лондондаги элчихонаси ва Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон вакили мамлакатимизда олиб борилаётган ёшлар сиёсати, хотин-қизларнинг таълимдаги фаоллигини оширишга қаратилган катта имкониятлар ва ташаббуслар ҳақида нутқ сўзлади.
Саммитнинг очилиш маросимида Иордания Қироличаси Рания Аль-Абдулла, Нобель мукофоти совриндорлари Мария Ресса ва Таваккуль Карман, шунингдек, дунёнинг етакчи “Chanel”, “BMW”, “Siemens” ва “AstraZeneca” компаниялари раҳбарлари қатнашди.
Қайд этиш керак, мазкур форумнинг бу йилги йиғилиши “яшил“ иқтисодиёт, таълимни ривожлантириш, замонавий илмий-технологиялардан самарали фойдаланиш, дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ирқий, миллий ва сиёсий адоватга қарши курашиш мавзуларига бағишланди.
Саммит бутун дунёдан ёш етакчиларни тўплаш ва уларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, глобал муаммоларга ечим топишга жалб қилиш мақсадида 2009 йилда Буюк Британияда ташкил этилган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Англиядаги ватандош талабаларни бирлаштириш мақсадида Лондонда Ўзбекистон талабалари иттифоқи ташкил қилинган эди.
Бугунги кунда ушбу платформа Германия ва Италияда ҳам фаолият кўрсатиб келмоқда ва унга 500 дан ортиқ талаба аъзо.
Б.Худойбердиев, ЎзА