Мирзаобод туманидаги Наврўз маҳалласи ҳудудидаги спорт мактабида чақириққача тайёргарлик ёшидаги ўқувчилар орасида ватанга бўлган муҳаббатни юксалтириш, чегара хизмати ва миллий хавфсизликка қизиқиш уйғотиш, шунингдек ҳарбий‑амалий кўникмаларни ривожлантириш мақсадида “Ёш чегарачилар” ҳарбий‑ватанпарварлик мусобақаси ташкил этилди. Мусобақа қизғин ва муросасиз беллашувларга бой бўлди.
Мусобақа низомига кўра ёшлар жисмоний тайёргарлик, сиёсий‑ҳуқуқий билимлар ҳамда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмаларини синаб кўришди. Шунингдек, турли жисмоний беллашувлар, ҳаракатчанлик машқлари ва жамоавий ҳамкорлик машғулотлари орқали иштирокчиларда интизом ва жамоавий руҳ мустаҳкамланди.

Мирзаободда ўтказилган мусобақа турли мактаблардан келган жамоалар орасида қизғин баҳс ва беллашувларга бой бўлди. Ёшлар нафақат спортда, балки ҳарбий‑амалий кўникмаларда ҳам ўз маҳоратларини намоён этишди.

Мусобақа якунига кўра 1‑ўринни Мирзаобод тумани 20‑умумтаълим мактаби “Лочинлар” жамоаси қулга киритди. 2‑ўринга 19‑умумтаълим мактаби “Темурийлар” жамоаси, 3‑ўринга эса 21‑умумтаълим мактаби “Ёшлар” жамоаси сазовор бўлди.

Ғолиблар туман ҳокимлиги томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, 1‑ўринни қулга киритган “Лочинлар” жамоасига диплом билан бирга 10 миллион сўмлик ваучер ҳам топширилди, қолган совриндорлар эса диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири