Гулистон шаҳрида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида спортнинг стол тенниси тури бўйича Республика "А" лигаси босқичи юқори савияда ўтди. Сирдарё вилояти мезбонлик қилган мусобақага Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардан келган 16-21, 22-26 ва 27-30 ёш тоифаларидаги ўнлаб маҳоратли теннисчилар тўпланди.

Қизғин финал баҳсларида 16-21 ёш тоифасидаги қизлар ўртасида сирдарёлик Сайёра Қўлдошева, йигитлар ўртасида андижонлик Омадилло Икромов биринчи ўринни қўлга киритди. 22-26 ёш тоифасида қорақалпоғистонлик Марина Камолова ва Тошкент вилоятидан Абдулла Йўлдошев ғолиб бўлган бўлса, 27-30 ёш тоифасида эса хоразмлик Меҳрибон Машарипова ҳамда самарқандлик Омадбек Турсунов чемпионлик шоҳсупасига кўтарилишди.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси спорт вазири маслаҳатчиси Шарифжон Мўминжонов, Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Бекзод Исматов ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Шунингдек, маросимда мамлакатимиздаги ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва спорт турларига қизиқишни ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳамияти борасида алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Ғолиб ва совриндорларга Ўзбекистон спорт вазирлиги томонидан 1-, 2- ва 3-даражали дипломлар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири