Мамлакатимизда лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартибларини такомиллаштириш, давлат хизматларини кўрсатишда бюрократизм ва маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, шу жумладан аҳолининг масофадан туриб электрон давлат хизматларидан мустақил равишда фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Парламент қуйи палатасининг мажлисида муҳокама қилинган лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси бозорда тенг шароитлар ва рақобат муҳитини таъминлашга хизмат қилади.
Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳасида тадбиркорлик субъектларининг 12 турдаги лицензия, рухсат бериш ва хабарнома олиш талаби бекор бўлиши, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтиш бўйича аризаларни Давлат хизматлари марказлари орқали ҳам тақдим этиш имкониятини яратиш белгиланмоқда.

Амалдаги 3 та кодекс, 5 та қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаётган мазкур ҳужжат лойиҳаси лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини қисқартириш борасида олиб борилган ислоҳотларни ўзида акс эттиради. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини янада соддалаштиришга, тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рақобат муҳитини таъминлашга хизмат қилади.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юбориладиган бўлди.
М.Комилова, ЎзА