Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси ҳамда вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси томонидан “Навоий вилоятида куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнлари: чора-тадбирлар натижадорлиги” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Бугунги кунда вилоятда 2008 та кўп қаватли уй-жойлар мавжуд бўлиб, ушбу уйларга 64 та бошқарув ташкилотлари томонидан коммунал хизматлар кўрсатилади.
2024-2025 йиллар куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида масъул корхона ва ташкилотларнинг ишчи-ходимларидан таркиб топган туман ҳамда шаҳар штаблари ташкил этилган. Шунингдек, барча бошқарув ташкилотларида 24/7 режимида фаолият олиб бораётган авария диспетчерлик хизматлари фаолияти йўлга қўйилган.
[gallery-19489]
– 2024-2025 йиллар куз қиш мавсумига тайёргарлик кўриш юзасидан 491 та кўп квартирали уйларни таъмирлаш мақсадида бошқарув ташкилотларининг 21,1 миллиард сўм ҳамда бюджет маблағлари ҳисобидан 16,1 миллиард сўмлик ишларни бажариш белгиланган бўлиб, амалда 24,1 миллиард сўм маблағлар ҳисобидан 532 та уйларда таъмирлаш ишлари амалга оширилди, – дейди вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи Акбар Ниёзов. – Жумладан, кўп қаватли уйларнинг 27 минг квадрат метр том қисми, 127 та фасад қисми, 522 та кириш йўлаклари, 152 та уйларнинг ертўла қисмидаги муҳандислик тармоқлари, 81 та уй ички тармоқлари, 374 та электр тақсимловчи ускуналар таъмирланди. 213 та кодли қулф ва темир эшиклар, 1878 квадрат метр фрамуга ойна ромлари ўрнатилди. 23 та лифт ускуналари янгисига алмаштирилди.
Матбуот анжуманида биллинг тизими бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Таъкидланганидек, бошқарув ташкилотлари томонидан “Менинг уйим” биллинг тизими бўйича 2024 йил 1 январь ҳолатига дебитор қарздорлик 11 миллиард сўмни ташкил этган. Шунингдек, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида режага асосан 47,6 миллиард сўмлик хизматлар ҳисобланган. Ўтган давр мобайнида 46,9 миллиард сўм маблағ ундирилган ва бугунги кунда қарздорлик 11,7 миллиард сўмни ташкил этмоқда.
– Айни пайтда вилоят ҳокимлиги, прокуратура органлари ҳамда маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда ҳудудларда ишчи гуруҳлар тузилган ҳолда қарздорликларни ундириш юзасидан тизимли ишлар ташкил этилмоқда, – дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари Асрор Ҳамраев. – Жумладан, жойларда штаблар ташкил этилиб, “Менинг уйим” биллинг тизимидаги 22085 нафар қарздор мулкдорлар рўйхати шакллантирилди. Ушбу рўйхат асосида давлат солиқ идораси билан ҳамкорликда қарздорларнинг иш жойларига аниқлик киритилди ва кўп қаватли уйларга бошқарув ташкилоти томонидан қарздорликни қисқартириш юзасидан масъул бириктирилди.
Бюджет ташкилотлари ва йирик саноат корхоналарида ишловчи ходимлар ўртасида, шунингдек, маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда 2754 нафар ишсиз қарздор мулкдорлар ўртасида қарздорликларни сўндириш бўйича тарғибот ишлари олиб борилмоқда. 64 та бошқарув ташкилотлари томонидан ҳудудларга чиққан ҳолда кўчма кассалар ташкил этилиб, тўловлар жойида қабул қилиняпти.
Матбуот анжуманида ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга масъуллар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.
Анжуман сўнггида иштирокчилар бир қатор объектларда бўлиб, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан яқиндан танишди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари