Мамлакатимизда 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда. Мавсумни беталафот ўтказиш мақсадида коммунал соҳага дахлдор хизматларнинг иш сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича зарур чоралар кўрилган.
Айни вақтда Ўзбекистонда 1,5 миллиондан ортиқ хонадондан иборат 44 минг 280 та кўп квартирали уй мавжуд. Шундан, қарийб 40 мингта уйга 971 та бошқарув сервис компанияси, 851 та уйга 241 та уй-жой мулкдорлари ширкати ва 852 та уйга бевосита ўз-ўзини бошқарувчи органлар томонидан хизмат кўрсатилади.

Бугунги кунда уй-жой мулкдорларининг шахсий идентификация рақами ва уларнинг тегишли мол-мулки кадастр рақамидан фойдаланган ҳолда соҳага биллинг тизими жорий этилган. “Менинг уйим” биллинг тизими орқали бошқарув органларига 2022 йилда 41 фоиз мажбурий бадал келиб тушган бўлса, жорий йилнинг 6 ойлик даврида бу кўрсаткич 93 фоизга етказилди.
Соҳада шаффофликни ошириш, ноқонуний хатти-ҳаракатларга чек қўйиш, бошқарув органлари ҳамда аҳоли ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш ва тизимда инсон омилини камайтиришда рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

– Вазирлар Маҳкамасининг 853-сон қарори билан бошқарув органларини электрон реестрга киритиш, шунингдек, кўп қаватли уйларни бошқарув органларига бириктириш эндиликда давлат хизматлари орқали амалга оширилади, – дейди қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева. – 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида бошқарув органлари томонидан жами 9 минг 812 та кўп квартирали уйни 247 миллиард сўм маблағ ҳисобидан жорий таъмирлаш режалаштирилган.
Мазкур ишларни бошлаш учун республикадаги мавжуд кўп квартирали уйлар хатловдан ўтказилиб, куз-қиш мавсумига тайёрлаш зарур бўлган таъмирталаб уйлар рўйхати шакллантирилди. Бунда энг аввало, аҳоли мурожаатлари ҳамда ҳудудлардаги мавжуд муаммолар ўрганилиб, чуқур таҳлил қилинди.
Мазкур ишлар тижорат банклари томонидан кредит маблағлари жалб қилинмаган ҳолда, жами 754 та бошқарув органлари томонидан амалга оширилмоқда. Бугунги кунда дастур доирасида 4 минг 478 та кўп квартирали уйда таъмирлаш ишлари якунига етказилди. Жумладан, 1 минг 454 та уйнинг том қисми, 3 минг 92 та кириш йўлаклари таъмирланди. Кириш йўлакларига 725 та темир эшиклар, 7 минг 559 квадрат метр фрамуга ойна ромлар ўрнатилди. 2 минг 50 та электр тақсимловчи шит, 1 минг 90 ертўла, 722 та уйнинг ички муҳандислик тармоқлари, 332 та уйнинг фасад қисми таъмирланди. Жами 34 минг 419 та энергия тежамкор сенсорли лампалар ўрнатиш амалга оширилди.

Белгиланган режа кўрсаткичларини жорий йилнинг 1 октябрь санасига қадар якунлаш режалаштирилган. Уй-жой ҳамда бино-иншоотларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 100-сон қарори қабул қилинди ва “Иссиқликтаъминоти” акциядорлик жамияти ташкил этилди.
–Иссиқлик таъминоти тизимини 2025-2026 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш мақсадида 53 та қозон ва 93 км узунликдаги иссиқлик тармоқларини мукаммал, 598 та қозон ва 519 км узунликдаги иссиқлик тармоқларини жорий таъмирлаш ишлари режалаштирилган, – дейди “Иссиқликтаъминоти” АЖ бошқаруви раиси Илҳом Тўраев. – Бугунги кунда 14 та қозон ва 47 км узунликдаги иссиқлик тармоқларини мукаммал ҳамда 350 та қозон ва 284 км узунликдаги иссиқлик тармоқларини жорий таъмирлаш ишлари якунига етказилган.

Шунингдек, Президентимизнинг тегишли қарорларига асосан Инвестиция дастури доирасида 10 та ва “Янги Ўзбекистон” дастури доирасида 23 та объектда иссиқлик таъминоти тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари режалаштирилган. Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, соҳада ягона давлат сиёсатини юритиш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилиб, мазкур йўналишда сўнгги уч йилда 25 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва дастурлар ишлаб чиқилди.
Давлат бюджетидан ажратилган 50 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 2024-2025 йилда 9 та маҳалладаги деярли 40 минг нафар аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш учун 14 та ичимлик сув иншоотини қуриш ва 231 км узунликдаги тармоқ тортиш режалаштирилган. Бугунги кунда мазкур 9 та объектда 183 км узунликдаги тармоқ тортилди ва 14 та иншоотда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.
Мамлакатимизда куз-қиш мавсумига кўрилаётган тайёргарлик ишлари изчил давом этмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА