Яқинда диёримизнинг Ал-Кувайтдаги элчихонасида кувайтлик журналист ва блогер Абдулкарим ал-Ҳиндал билан учрашув ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият вазирлиги ахборот хизмати маълум қилмоқда.
Ўзаро мулоқот давомида ушбу ўлкадаги Фавқулодда ва мухтор элчимиз Аюбхон Юнусов ўткир қалам соҳиби Абдулкарим ал-Ҳиндални юртимиз маданияти ва санъати, урф-одатлари, туризм салоҳияти ҳақида кўплаб контентлар тайёрлаб, медиа майдонда Ўзбекистонни янада танитаётганини алоҳида эътироф этди ва унга “Ўзбек маданияти элчиси” кўкрак нишони ва сертификатини топширди.
– Биласизми, менга билдирилган ишонч бу жуда катта масъулият ҳамдир, -деди кувайтлик ижодкор Абдулкарим ал-Ҳиндал. – Мамлакатингизга бўлган ташрифларим давомида ўзбек халқининг меҳмондўстлигига кўп гувоҳ бўлганман. Келгусида элчихона билан биргаликда юртингиз маданияти ва санъатини кенг тарғиб қилишда ишларни янада жадаллаштирамиз.
ЎзА