Ташрифдан сўнг
Мамлакатимиз раҳбари Наманганга ташрифи чоғида ўтказилган йиғилишда вилоятдаги 30 та маҳаллага марказлашган ичимлик суви етиб бормагани, мавжуд тармоқларнинг 21 фоизи таъмирталаб ҳолатда экани, канализация билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳам мурожаатлар кўплиги танқид қилинди.
Вилоятда сув тизимини яхшилашга 800 миллиард сўм ажратилиб, мутасаддиларга йил якунигача 130 километр сув ва канализация тармоғи, 11 та сув иншооти қурилишини якунлаб, фойдаланишга топшириш вазифа қилиб қўйилди.

Жумладан, Наманган шаҳри аҳолисини ичимлик суви билан таъминловчи 70 йил олдин қурилган “Курашхона” сув олиш ва узатиш иншооти бугунги кунда 50 фоиздан кам қувватда ишлаётганлигини назарда тутган ҳолда, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда бу иншоот реконструкция қилиниши белгиланди.
“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Аҳмад Суванқулов мазкур иншоотнинг фаолияти билан танишди.

“Курашхона” сув иншооти Наманган шаҳри, Давлатобод ва Янги Наманган туманларидаги 400 мингдан ортиқ аҳолига тоза ичимлик суви етказиб беради. Суткасига 40 минг куб метр тоза ичимлик суви ишлаб чиқариш ва 134,4 минг куб метр сув узатиш қувватига эга бўлиб, шаҳар аҳолисининг ичимлик суви эҳтиёжини қондириб келмоқда.
Аҳолига сифатли ичимлик суви етказиб бериш ва энергия самарадорлигини ошириш мақсадида “Курашхона” сув иншоотини модернизация қилиш ишлари Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг кредит маблағлари ҳисобига амалга оширилади. Шу муносабат билан, Ҳиндистоннинг “Angiliqua International Limited” компанияси вакиллари билан қурилиш шартномалари имзоланди.
Лойиҳа доирасида иншоот қуввати суткада 40 минг куб метрдан 100 минг куб метргача оширилиши белгиланган. Қолаверса, янги замонавий энергия тежамкор насос ускуналари ўрнатилиши натижасида бир ой давомида электр энергияси сарфи 1 миллион 300 минг киловатт соатдан 800 минг киловатт соатга камайтирилиши кўзда тутилмоқда. Бу эса иншоотнинг энергия самарадорлигини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади.
“Ўзсувтаъминот” мутасаддиси ўрганиш жараёнида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга тўхталаркан, қурилиш ишларини тезроқ бошлаш ҳамда сифатли бажариш бўйича кўрсатмалар берди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.