Глобал иқлим ўзгариши, саноат шаҳарларидаги экологик вазият ёмонлашуви одамларни хавотирга солиб, кўпроқ табиат қўйнига, сўлим ва баҳаво манзиллар сари чорламоқда. Бу жараён дунёда экотуризм ривожига йўл очаётир.
Ўзбекистонда ҳам экотуризмни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бетакрор табиати билан машҳур гўшалар сайёҳлик манзилига айлантирилмоқда.
Кумушкон – туризм қишлоғи
Шу кунларда Тошкент вилоятининг Паркент туманида маҳаллий ва хорижлик сайёҳларни кўплаб учратиш мумкин. Чунки бу тоғли ҳудудда туризмни ривожлантиришга, дам олувчиларга зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бунда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан “Олтин ҳалқа” туризм концепцияси қабул қилингани ҳамда Кумушкон туризм қишлоғини ташкил этиш чора-тадбирлари жадаллаштирилгани ўз самарасини бермоқда. Дарвоқе, “Олтин ҳалқа” туризм концепцияси асосида яратилаётган имкониятлар туманда сайёҳлар учун қулай шарт-шароитларни ҳозирлаш баробарида аҳоли ва тадбиркорларнинг даромадини оширишга ҳам хизмат қилади.
Паркент туманининг бетакрор табиати, ўзига хослиги сайёҳларни жалб қилишда қўл келади. Хусусан, бугун Кумушкон қишлоғи бутунлай ўзгача қиёфага кирган. Бу ерда олиб борилган бунёдкорлик ишларига ҳавас қиласиз. Салкам 70 гектар майдондан иборат ўзига хос туризм марказининг сўлим табиати, тоза ҳавоси, шифобахш сувининг довруғи дунё кезмоқда.
– Ҳозир Кумушкон туризм қишлоғида 23 та меҳмон уйи ишлаб турибди, – дейди Паркент тумани ҳокими Шоҳрух Шоаҳмедов. — Уларнинг сонини шу йил охиригача яна 100 тага кўпайиши режалаштирилган. Туманимизда туризм борасида ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўп. Шу сабаб бундай фаолият билан шуғулланиш истагини билдирган тадбиркорларимизга ҳар томонлама ёрдам кўрсатяпмиз. Мақсадимиз – туман туризм салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш орқали одамларга янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш. Албатта, бу саъй-ҳаракатларимиз сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар, хизмат кўрсатиш соҳасида ўзига хос рақобат муҳити яратилишига ҳам сабаб бўлади.
Тоғ бағрида жойлашган туризм қишлоғидамиз. Ҳудудга кириб бораркансиз, бир-бирига уйғун тарзда қад ростлаган мўъжазгина уйларнинг кўркамлигидан кайфиятингизда ажиб ҳислар жилва қилади. Айниқса, текис, равон йўллар, тунги ёриткичлар, гулзорлардан ўзгача завқ оласиз.
Қишлоқда етиштириладиган меваларга ҳеч қандай кимёвий ўғит ишлатилмас-лигини эшитиб, пишиқчилик мавсумида яна келишни дилга тугасиз. Экологик соф маҳсулотлардан тайёрланадиган хуштаъм таомлар мазаси оғзингизда қолади.
Кумушконга келган сайёҳ тоғ бағрида шунчаки ҳордиқ чиқармайди. Ҳудуддаги Ҳазрати Али Бува зиёратгоҳига ҳам бориб, руҳий озуқа олади. Хоҳишига қараб, таомлар тайёрланиш жараёнида иштирок этади. Ҳунармандчилигимизга оид буюмлар томошасидан завқланади. Булоқ сувини ичиб, тани яйрайди. Чинакам тоғ ҳавосидан тўйиб нафас олади.
Кумушкон туризм қишлоғининг мана шундай ўзига хос томонлари туфайли айни пайтда меҳмон уйларини банд қилганлар сони ортиб бормоқда. Улар орасида нафақат маҳаллий, балки олис мамлакатлардан келган сайёҳларни ҳам учратиш мумкин.
Қишлоқ кўчаларидан кетаётиб, меҳмон уйларидан бирига кириб ўтдик. Мўъжазгина хонадонда сайёҳларга туман аҳолисининг ҳаёти, маданияти ҳақида маълумот бериш учун ажратилган махсус хонада бир-биридан қизиқ, киши эътиборини тортадиган мингга яқин жиҳоз тартиб билан жойлаштирилган.
– Зўрми, – деб сўрайди ҳайратимиздан завқланган хонадон соҳибаси Антонина Мадалиева. – Меҳмон уйимизни хорижликлар учун ҳам мўлжаллаганмиз-да. Ҳозир мавсумга тайёргарликни якунлаяпмиз. Яна бир нечта супа, стол ва стулларни табиатга уйғун тарзда тайёрлаб қўйдик. Паркентликларнинг табиати ва турмуш тарзи ҳақида яқиндан хабардор қилиш мақсадида тўплаган экспонатларимизни ҳам доимий тўлдириб, бойитиб борамиз. Худо хоҳласа, бу галги мавсумда сайёҳлар кўп бўлишини кутяпмиз. Шу сабаб санитария-гигиена талабларини кучайтирдик. Барча зарур воситаларни тахт қилиб қўйдик. Сайёҳларга кўрсатиладиган хизматларимиз сифати юқори бўлса, келгуси йилларда бу ўзининг натижасини беради.
Туркиялик сайёҳнинг ҳайрати
Қишлоқдаги яна бир меҳмон уйига кирдик. Бу ерда туркиялик сайёҳ Ҳасан Ўзтурк билан суҳбатлашдик.
– Паркентнинг гўзал табиати, тоза ҳавосининг шуҳрати Туркиягача етиб борган, бунга асло шубҳа қилманг, – дейди у ҳайратини яшира олмай. – Бу ҳақда эшитганимда, ўз кўзим билан кўришни ният қилгандим. Мана, фурсат топиб келдим. Биласизми, бу ерда нималарни ҳис қилдим? Аввало, тоғларнинг ҳайбатидан таъсирландим. Булоқ сувидан ичдим. Айтишларича, ер қаъридан отилиб чиқаётган зилол сув таркибида 50 дан ортиқ фойдали минерал бор экан. Бу маълумотни эшитиб, лол қолдим. Ўзимни жаннатга тушиб қолгандек ҳис қилдим. Бу ерга келиб, илгари эшитганларимдан ҳам кўпроғига гувоҳ бўлдим. Айниқса, миллий таомларингиз ширин экан. Яна бир гапни айтаман. Сизлар келишингиздан олдин Ҳазрати Али Бува зиёратгоҳи ҳақида гапириб беришаётганди. Мусулмонлар учун табаррук қадамжо бўлган зиёратгоҳга тезроқ борайлик, деб тургандим. Қаранг, саёҳатга келиб зиёрат ҳам қиляпман.
– Очиғи, меҳмон уйимизга келган сайёҳларнинг ҳайратига кўп гувоҳ бўлганман, – дейди туркиялик сайёҳ жойлашган уй соҳибаси Инобат Ғиёсова. – Бу ҳолат ҳар гал қалбимда юртимизга муҳаббатни янада кучайтириб юборади. Айниқса, Президентимиз томонидан кейинги йилларда туризм соҳасига катта эътибор қаратилаётганининг аҳамиятини янада теранроқ тушунаман. Баъзан шундай хаёлларга берилиб, агар туризмга бу қадар кенг йўл очилмаганда, илгаригидек оғир шароитда турмуш кечираётган бўлармидик, деб қўяман. Бугун меҳмон уйи фаолиятини йўлга қўйиб, кам бўлаётганимиз йўқ. Дастурхонимиз тўкин, тўй қилиб, уйлар ҳам қуряпмиз. Энг муҳими, оила аъзоларимнинг ҳаммаси ишли бўлди. Мавсумда ишчиларимиз сони оила аъзоларим билан қўшиб ҳисоблаганда 15 нафарга етади. Уларга яхшигина маош тўлаяпмиз. Хуллас, фаолиятимизни йўлга қўйиб, туманимиз иқтисоди юксалишида оз бўлса-да, ҳиссамиз борлигидан хурсандман.
Спортсеварлар ҳам шу ерда
Туризмнинг аҳамияти шундаки, у меҳмонхона, транспорт, савдо-сотиқ ва бошқа хизматлар ривожланишига зўр туртки беради. Шу боис, соҳани тараққий эттиришда кўпгина талаблар билан ҳисоблашишга тўғри келади.
Кумушкон қишлоғида “Кумушкон спорт соғломлаштириш” масъулияти чекланган жамияти томонидан лойиҳа қиймати 3 миллиард сўмга тенг бўлган 50 ўринли замонавий меҳмонхона ва алоҳида бинолар реконструкция қилинди. Бунинг учун 1 миллиард сўм банк кредити ва 2 миллиард сўм корхона маблағлари сарфланди. Айни пайтда 10 дан ортиқ киши иш билан таъминланган. Сайёҳлар, асосан, спортчилар бўлиб, масканда спортнинг 10 дан ортиқ туридан машғулотлар ўтказиш имкони бор. Сузиш ҳавзаси, бокс учун ринг, кураш гилами жойлаштирилган хоналардаги шарт-шароитлар ҳар қандай спортчини бефарқ қолдирмайди. Бундан ташқари, ҳудудда “Кумушкон тараққиёт инвест” масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 19 миллиард сўмлик оилавий спорт соғломлаштириш маркази ҳамда 80 ўринли меҳмонхона барпо этилган. Мазкур икки маскан ҳам сайёҳлар қабулини аллақачон бошлаб юборган.
Шу ўринда яна бир қувончли воқеа ҳақида икки оғиз сўз айтмасак бўлмайди. Президентимизнинг 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилиниши Паркент туманининг туризм салоҳиятини тўла рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки мазкур ҳужжатда пандемия муносабати билан туроператорлар, турагентлар, шунингдек, жойлаштириш воситалари учун бир қатор солиқ имтиёзлари, субсидиялар ажратилиши белгиланди.
Ҳужжатга мувофиқ, ички туризмни рағбатлантирувчи ишлар ҳам янги босқичга кўтарилди. Масалан, янги жорий этилаётган авиақатновларга чипталар Ўзбекистон фуқароларига 25 фоиз арзон сотилади. Агар бу чипта туроператор орқали харид қилинса, чегирма миқдорига 15 фоиз қўшилиб, умумий 40 фоизлик чегирма тақдим этилади. Шу билан бирга, туроператор орқали харид қилинган меҳмонхона хизматлари ҳам 10 фоиз арзонлаштирилади. Комплекс хизмат кўрсатувчи туроператорлар корпоратив нархларда бошқа хизматларни ҳам арзонлаштириб бериши кўзда тутилади.
Халқимизда “Минг марта эшитгандан, бир марта кўрган афзал”, деган гап бор. Биз ҳам жаннатмонанд гўшада бўлиб, ўз кўзимиз билан кўргач, Кумушконда этноқишлоқ, миллий таомлар, ҳунармандлар, санъаткорлар ҳамда агротуризм қишлоқлари яратилиши туман ҳаётида катта аҳамиятга эга эканини дилдан ҳис этдик. Бу ерда халқ кутубхонаси, ёшлар ижодиёт маркази, спорт намойишлари майдончаси, ўтовлар шаҳарчаси, туризм ахборот марказлари, сувенир ҳамда ҳунармандчилик маҳсулотлари дўкони, сайёҳлар учун тиббий хизмат кўрсатиш шохобчаси, сунъий шаршаралар ҳамда мавсумий дам олиш масканлари ташкил этилиши йўлидаги саъй-ҳаракатлар паркентликлар ҳаётида янги-янги саҳифаларни очиб боравериши, шубҳасиз.
Кумушкондан қайтаётиб, ҳудудга кираверишда ўрнатилган “Кумушкон” стелласи бу сафар кўзимизга ўзгача кўринди. Кумуш рангда товланиб турган стелла гўё туризм қишлоғининг эртанги кунидан сўзлаётгандек. Бу масканда бирин-кетин амалга оширилаётган ўзгаришлар мамлакатимиз, қолаверса, Паркент номини дунё бўйлаб ёйиб бораётганидан ғурурландик.
Абдусалим МАҲМУДОВ,
журналист