Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши котибиятида ўтказилган матбуот анжуманида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.
Анжуманда Кенгаш котибияти мудири Нодира Каримова иштирокчиларга кенг қамровли ахборот тақдим этар экан, маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида кузатилаётган муҳим ўзгариш ва натижаларга алоҳида эътибор қаратди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 23 июндаги “Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган концепцияда мамлакатимизда халқ вакилларининг мавқеи ва таъсирини кучайтириш, ижтимоий ҳаётдаги иштирокига амалий мазмун бағишлаш мақсад қилинган.

Янги таҳрирдаги Конституцияда маҳаллий Кенгаш раиси ва ҳоким лавозимларининг алоҳида белгилаб қўйилиши, “Кучли Кенгаш – ҳисобдор ҳоким” тамойилини жорий этиш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг биринчи ярмида Халқ депутатлари вилоят ва туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан жами 83 та сессия ўтказилиб, уларда 1205 та масала муҳокама қилинган. Ҳар бир муҳокамада, кун тартибидан келиб чиққан ҳолда, қарорлар қабул қилиниб, уларнинг ижроси доимий комиссия ва котибиятлар томонидан назоратга олинганлиги таъкидланди.
Ҳақиқий халқ вакилининг юзи – халқ билан мулоқотда намоён бўлади. Жорий йил давомида депутатлар томонидан жойларда 1047 та учрашув ва мулоқотлар ўтказилди, уларда кўтарилган 1291 та муаммонинг 81 фоизидан ортиғи ўз ечимини топди.

Шунингдек, 270 та депутатлик сўрови юборилган бўлиб, улар орқали фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган ташаббуслар амалга оширилди. Аҳамиятлиси шундаки, бу сўровларнинг 80 фоиздан ортиғи ижобий ҳал қилинган.
Фаолият самарадорлигини янада ошириш мақсадида 2025 йил март ва апрель ойларида эксперт ҳамда Ёшлар маслаҳат гуруҳлари ташкил этилди. Улар доимий комиссиялар фаолиятида иштирок этиб, муҳокамаларда жамоавий фикрлаш ва таҳлилга замин яратмоқда.
Шунингдек, маҳаллий Кенгашлар томонидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, таълим, соғлиқни сақлаш ва қурилиш соҳаларида қабул қилинган қарорлар ижроси доимий равишда ўрганиб борилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш борасида ҳам жиддий ишлар амалга оширилди. Президентимизнинг 2025 йил 21 апрелдаги “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида соҳа кесимида чуқур таҳлиллар олиб борилди.
“Маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда 292 маротаба фуқаролар қабули ташкил этилди. Улар орқали 673 та муаммо аниқланган бўлиб, 93 фоиздан ортиғи ечим топган. Бу эса маҳаллий вакиллик органлари томонидан жамоатчилик билан ишлаш асносида юқори самарадорликка эришилаётганидан дарак беради.
Жорий йилнинг муҳим хусусиятларидан бири – маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари фаолиятининг тизимлашгани, доимий назорат-таҳлилнинг йўлга қўйилганидир. Ҳар бир соҳада депутатлик назорати асосида режали ўрганишлар ташкил этилмоқда. Қабул қилинган қарорлар орқали соҳавий тизимлардаги камчиликлар аниқланиб, тегишли давлат органлари билан биргаликда ечим топишга эътибор қаратилмоқда.
Йиғин якунида журналист ва блогерлар Кенгаш фаолиятига оид бир қатор саволлар билан мурожаат қилишди ва атрофлича жавоблар олишди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири