Бу йил юртимизда 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Юртбошимизнинг “Кучли касаба уюшмалари – кучли жамият асоси” деган сўзлари бугунги кунда барча ислоҳотларимизнинг моҳиятини ифодаламоқда. Давлатимиз сиёсати марказида эса инсон, унинг меҳнати ва фаровон ҳаёти турибди. Шу мақсадда меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат шароити яратиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишлари тизимли йўлга қўйилмоқда. Бугунги кунда Навоий кон-металлургия комбинатида ишчи-ходимлар меҳнатини ҳимоя қилиш мақсадида аниқ чора-тадбирлар асосида иш олиб борилмоқда. Бу ҳақда НКМК ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши раиси ўринбосари О.Темиров мухбиримизга қуйидагиларни гапириб берди.
– Бугун касаба уюшмалари фақат ишчилар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи эмас, балки кенг маънода ижтимоий ривожланишнинг фаол иштирокчисига айланиб бормоқда. Улар маҳаллалар билан ҳамкорликда камбағалликни қисқартириш, ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, аёллар фаоллигини ошириш йўналишларида муҳим ташаббусларни амалга ошириб келяпти.
Бугунги кунда комбинат касаба уюшмалари Кенгашида 144 та бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси фаолият кўрсатиб, 82 минг нафардан зиёд ишчи-ходимнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиб келмоқда.
Ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳимояси, иш ва дам олиш вақтларини аниқлаш ҳамда хавфсиз меҳнат фаолиятини ташкил қилиш касаба уюшмалари Кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади.
Комбинатимизда иш жойларида хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этилиши ва замонавий техника ҳамда шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш, ходимларни мунтазам равишда ўқитиш ва тиббий кўриклардан ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, касаба уюшмалари ва корхоналар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали ишлаб чиқариш жараёнларида юзага келиши мумкин бўлган хавфларни камайтириш, бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш бўйича тизимли чоралар кўрилмоқда. Бу ташаббуслар инсон ҳаёти ва соғлигини асраш, меҳнат маданиятини юксалтириш ҳамда инсон қадрини улуғлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун соғломлаштириш, маданий дам олиш ва болалар оромгоҳларига йўлланмалар ажратилиши бугунги фаолиятимизнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Уларни имтиёзли равишда соғломлаштириш, соғликларини тиклаш, бўш вақтларини мароқли ташкил этиш учун сўлим манзилларда замонавий талабларга жавоб берадиган 6 та сиҳатгоҳ ва дам олиш маскани, 11 та болалар оромгоҳи, 5 та тиббиёт муассасаси, 6 та маданият ва 6 та спорт масканига эгамиз. Уларнинг барчаси ҳамкасбларимиз ва уларнинг оила аъзоларига сифатли хизмат кўрсатиб келяпти.
Ҳар йили 12 мингдан зиёд бола соғломлаштириш оромгоҳларида мароқли дам олмоқда, кам таъминланган оилалар фарзандлари учун минглаб ҳомийлик йўлланмалари ажратиляпти.
Шунингдек, маданият ва спорт соҳаларида ҳам кенг имкониятлар яратилган. Комбинат тизимидаги маданият марказларида 7 мингга яқин ёшлар ўз иқтидорини намоён этмоқда. Спорт иншоотларида эса 10 минг нафарга яқин ишчи ва уларнинг оила аъзолари мунтазам спорт билан шуғулланиб келмоқда.
Бундан кейин ҳам комбинат касаба уюшмаси Кенгаши ишчи-ходимларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини кучайтириш, ижтимоий дастурларни амалга ошириш йўналишларида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошираверади.
А.Бўриев, ЎзА