Кредит олишда унинг молиявий юкидан огоҳлантирувчи талаб жорий этилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Лойиҳа билан бир қатор қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
— Мамлакатимизда сўнгги йилларда микроқарзларнинг оммабоплиги ошиб, аҳолининг қарз юки кредит маҳсулотлари ҳисобидан кескин ўсиб бормоқда, — деди депутат Шуҳрат Шарофиддинов. — Амалиётда микроқарзларнинг рекламаси ва маркетингида истеъмолчиларнинг асосий эътибори кредит келгусида юқори молиявий мажбурият келтириб чиқариши мумкинлигига эмас, балки уни тез ва осон олиш имкониятига қаратилмоқда. Кредитни олиш осонлашгани унинг оқибатини таҳлил қилмасдан олишга сабаб бўлмоқда.
[gallery-28198]
Бу борада хорижий тажриба ўрганилганда, аксарият мамлакатларда, шу жумладан, Европа иттифоқи ва Буюк Британияда кредит билан боғлиқ рекламаларда истеъмолчини огоҳлантирувчи қисм киритилади.
Ушбу қонун лойиҳаси билан “Реклама тўғрисида”ги қонунга аҳолига таклиф этиладиган кредитлар, шу жумладан микроқарзлар рекламасида қарз мажбуриятларини бажармаслик молиявий хатарларни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида мажбурий огоҳлантирувчи матн жойлаштирилиши шартлигини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда. Бунда огоҳлантириш реклама майдони ёки вақтининг камида 10 фоизини ташкил қилиши лозимлиги белгиланяпти.
Қонун лойиҳаси молиявий хизматлар рекламасини янада тартибга солиш, аҳолининг кредит билан боғлиқ хатарлар ҳақидаги хабардорлигини, онгли равишда ёндашувини ошириш, масъулиятли қарз олиш маданиятини шакллантиришга хизмат қилади.
Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасидаги нормалар бўйича фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди. Шундан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА