
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш ҳамда унга қарши самарали курашиш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, давлат органларида коррупция хавф-хатарларини баҳолаш ва ҳалоллик стандартларини жорий этиш устувор вазифалардан бирига айланди.
Шу йўналишдаги ишлар Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасида ҳам изчил равишда йўлга қўйилган. Қўмитанинг ахборот хизмати раҳбари Бекзод Бердиев маълум қилишича, ички идоравий ҳужжатлар тубдан қайта кўриб чиқилмоқда ва заруратга қараб янгиланиб бормоқда.
–Қўмита ўз фаолиятида коррупцияга қарши сиёсат, одоб-ахлоқ қоидалари, хавф-хатарларни баҳолаш услубиёти, манфаатлар тўқнашувини бошқариш механизми, коррупция тўғрисида хабар бериш тартиблари каби муҳим ҳужжатлар асосида иш олиб боряпти. Таъкидлаш керакки, ташкилот тизимидаги энг хавфли фаолият соҳалари ва лавозимлар рўйхати шакллантирилган, ходимлар учун ички назорат қоидалари жорий этилган. Бундан ташқари, кадрларни очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш амалиёти Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги талаблари асосида жорий қилинган, –деди Б. Бердиев.
Қўмитада коррупцияга қарши самарали комплаенс назорат тизими ташкил этилган. Шу мақсадда марказий аппарат таркибида махсус бўлим ташкил этилди ва унинг фаолиятини тартибга солувчи низом ҳамда йўриқномалар тасдиқланган.
Тизимда коррупция ҳолатларига оид хабарларни қабул қилиш учун махсус “ишонч телефони” ва komplaens@cirns.uz электрон манзили ишга туширилган. Бу орқали аноним шикоятлар қабул қилиниб, белгиланган тартибда, қонунчиликка мувофиқ кўриб чиқилмоқда.
Қўмита Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури билан ҳамкорликда ИСО 37001:2016 халқаро стандарти асосида ички назорат тизимини жорий қилиш бўйича тавсиявий ҳужжатлардан фойдаланмоқда. 2024 йил ва 2025 йилнинг биринчи чораги давомида ташкилотимиз тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича 18 та ўқув семинари ташкил этилган. Шунингдек, ходимларнинг билим ва кўникмалари махсус тест синовлари орқали баҳоланган.
Меҳнат интизоми ва манфаатлар тўқнашуви масалалари бўйича ҳам аниқ чоралар кўриляпти. “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддаси талабларига мувофиқ, 53 нафар масъул ходим махсус декларация тўлдирган. Таҳлиллар натижасида 1 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган, 1 нафари бошқа лавозимга ўтказилган ва 2 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилган.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА