
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги “Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси” корхонасида жорий йилнинг 5 март куни Президент раислигида коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда қўйилган топшириқлар ижроси юзасидан семинар-йиғилиш ўтказилди.
Корхона раҳбар ходимлари, масъул мутахассислар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этган ушбу тадбирда мамлакатимиз раҳбарининг ислоҳотлар ҳал қилувчи босқичга кираётган ҳозирги вақтда юртимизда коррупциядан ҳоли муҳит яратиш бўйича муҳим вазифаларни аниқ белгилаб олиш зарурлиги тўғрисида мулоҳазалар билдирилди.

Дарҳақиқат, ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов бу коррупциядир. Буни дунё тажрибаси ҳам тўлиқ тасдиқлайди. Коррупция оқибатида жаҳон иқтисодиёти йилига 3 триллион доллар зарар кўраётгани бу глобал хавф эканидан далолат. Коррупция шундай ёвуз иллатки, у халқнинг давлатга, Конституция ва қонунлар ишончига путур етказади, барқарор ривожланиш ва хавфсизлик учун жиддий таҳдидга айланади.

Тадбирда сўзга чиққанлар иллатга қарши курашишда фидойилик кўрсатиш, қусурларни илдизи билан қўпориб ташлашда ҳамжиҳат бўлиш, бу борада юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни қадрлаш, кечаги кун билан бугунги кун фарқини яхши тушуниш, ҳалоллик ва шукроналик билан ҳаёт кечиришни мақсад қилиш лозимлиги билдирилди.
Коррупцияга қарши кураш умуммиллий вазифа, ҳар бир ватанпарвар юртдошимизнинг виждон ишидир. Умуман, бу жараёндан ҳеч ким четда турмаслиги кераклиги ходимларга яна бир карра тушунтирилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА