
Андижонда соғлиқни сақлаш тизимида коррупциянинг олдини олиш ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Семинарда вилоят Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши аъзолари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари, тиббиёт муассасалари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Семинарда мутасадди ва мутахассислар томонидан иштирокчиларга коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш, бу борадаги қонунчилик, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунларининг мазмун-моҳияти, мазкур йўналишдаги ҳуқуқий ва институционал асослар ҳақида маълумотлар берилди.

Тиббиёт тизимида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва олдини олиш чоралари, уларнинг оқибатлари ҳамда келиб чиқиш сабаблари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ омилларни бартараф этиш, давлат харидлари тартиб-таомилларини амалга оширишдаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратилиши, бу борада жорий этилган амалиёт, тартиб ва тажрибалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.


Иштирокчилар томонидан коррупцияга қарши курашиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва олдини олиш борасидаги ишларнинг самарадорлигини ошириш ҳамда янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари