Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” доирасида ҳудудларда қатор тарғибот тадбирлари, учрашувлар ташкил этилмоқда.
Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида “Қалқон” маҳалласи фуқаролари иштирокида ўтказилган давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зуҳриддин Мавлонов иштирок этиб, юртимизда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар хусусида тўхталди.

Мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшлар ҳамда маҳалла аҳолисига коррупциянинг жамият тараққиётига салбий таъсири, унинг иқтисодий-ижтимоий оқибатлари ҳақида батафсил тушунчалар берилди. Бу иллатни бартараф этишда ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, қонунларга қатъий амал қилиш муҳимлигига алоҳида урғу берилди. Шунингдек, коррупцияга муросасиз жамиятни шакллантиришда барча бирдек уюшқоқлик кўрсатиши лозимлиги таъкидланди.
М.Комилова, ЎзА