Янгиланаётган Ўзбекистонимизда коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини ошириш мақсадида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида коррупцияга қарши курашишга алоҳида эътибор қаратилган.
Коррупция кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолган тушунча эмас, у узоқ йиллик тарихга эга. Фикримни гувоҳ бўлган тарихдан бошламоқчиман. Ёзма манбаларда коррупция ҳақида эрамиздан аввалги Шумер подшолиги даврида эслатиб ўтилади. Коррупция бизнинг кунларгача етиб келганлиги шундан далолат берадики, бошқа иллатлар каби, уни ҳам таг-туги билан йўқотиб бўлмайди. Ҳатто ривожланган ғарб давлатлари ҳам коррупциядан буткул халос бўлмаган.
Бироқ жамият ривожига хавф солувчи коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш ер юзидаги барча давлатларда ҳамиша ва ҳамма замонда давом этган. Чиндан ҳам, жамиятда устувор соҳа – таълим тизимида таҳсил оладиган ўсмирлар, ёшлар онгида толерантликни уйғотиш муаммоси олдимизда кўндаланг турибди. «Жамиятда порахўрлик иллатини енгиб бўлмайди», – деган фикр ёшлар онгида шаклланиб қолгани (Япония ёки Хитой фуқароси онгида нега у шаклланмаганлиги алоҳида мавзу) энг катта камчилигимиз.
Бу муаммонинг салбий оқибатларига қарши курашиш мақсадида Бухоро давлат университетининг Педагогика институтида коррупцияга қарши курашиш тизими ташкил этилган. Жумладан, коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва ҳукумат идораларининг тавсияларини, шунингдек, университет тизими фаолиятида қўлланиладиган тегишли халқаро қонунчилик талабларини мониторинг қилиш, коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш ва уни қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро ва хорижий ташкилотларнинг тавсияларини мониторинг қилиш, институт тизими, шу жумладан унинг ходимларини коррупцион хатти-ҳаракатларни амалга оширганлиги тўғрисидаги маълумотларнинг мавжудлиги, шунингдек, тизим контрагентлари ҳақида шунга ўхшаш маълумотларнинг мавжудлиги борасида оммавий ахборот воситаларини мониторинг қилиш, институт тизими ходимларининг коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари ва талаблари тўғрисида хабардорлигини текширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Коррупция – таъмагирликнинг юқори нуқтаси. Унга қарши курашиш учун амалдорлардан сиёсий ирода талаб қилинади. Ушбу вазиятдан чиқиш усули шуки, аввало, давлат бюрократик аппарати ҳажми имкон қадар камайиши, фуқароларнинг шахсий ҳаётига ва иқтисодий фаолиятига давлатнинг минимал аралашуви, монополияга барҳам берилиши лозим.
Айниқса, мазкур масала юзасидан Бухоро давлат университети Педагогика институтида ташкил қилинган Комплаенс ва коррупцияга қарши курашиш бўлими томонидан муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, институт коррупцияга қарши курашиш тизимида махсус телеграм мурожаат ботлари ҳамда институт директорининг қайта алоқа боти ташкил этилиб, мурожаат ва шикоятлар ўрганилмоқда.
Порахўрлик ва коррупция жамият ривожига, хусусан, демократик янгиланиш ҳамда модернизациялаш жараёнига ҳар жиҳатдан халақит бермоқда. Гарчи бу масала узоқ йиллардан бери таъкидланиб, «қўлга тушган» амалдорлар телевидение ва матбуотда намойиш этилганига қарамасдан, суд, прокуратура, идора раҳбарлари ҳамда оддий фуқароларнинг қон-қонига сингиб кетган феодализм сарқитлари, таъмагирлик, бюрократия жамиятимиз ҳаётидан йўқолиб кетмаяпти.
Хусусан, Бухоро давлат университети Педагогика институти Комплаенс назорат ва коррупцияга қарши курашиш бўлими ҳар ойда Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш бўйича қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар, Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг буйруқлари, шунингдек, амалдаги халқаро коррупцияга қарши курашиш бўйича қонунчилик ҳужжатлари юзасидан мониторинг ўтказиб келмоқда.
Комплаенс назорат ва коррупцияга қарши курашиш бўлими Институт тизими ички ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар, қўшимчалар киритиш ёки янги ички ҳужжатлар ва коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлаб келмоқда.
Коррупция, биринчидан, жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва аҳолининг норозилигига олиб келади, бу эса барча соҳадаги ислоҳотларнинг натижасига салбий таъсир этмай қолмайди.
Иккинчидан, фуқароларимизда ҳуқуқий онг ҳамда ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила олмаслиги жамиятда адолат мезонининг бузилишини кўпайтиради.
Учинчидан, сиёсий институтлар, жамоат ташкилотлари шаклан демократик мезон, ғарб андозасига ўхшасада, мазмун-моҳиятига кўра, замон талабидан орқада қолмоқда, бу камчилик эса олдинга силжишимизга халақит беради.
Бизнингча, бу борада битта ташкилот – адлия органлари роли кучайиб, имтиёзлари кўпайиб бориши керак. Янги ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам Адлия вазирлиги билан қонун устуворлигини тўлиқ таъминлаган ҳолда, барча ишни бирга олиб бориши давр талаби.
Олий таълим тизимида ҳам коррупцияга қарши курашиш дастури бандларининг тўлиқ бажарилишини назорат қилиш, ҳар чоракда коррупцияга қарши курашиш тизимининг ҳолати тўғрисидаги ҳисобот тузиш жараёни бўйича йўл хариталари ишлаб чиқилган. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим тизимида коррупцияга қарши курашиш ҳолати тўғрисида ҳар ой ҳисоботлар тақдим этиб келинмоқда.
Коррупция ва миллий тараққиёт масаласи – юрт тақдири, мамлакат келажаги учун ҳар қачонгидан муҳим ва долзарб аҳамият касб этади. Сабаби, юртимиз аҳолиси бир асрлик мустамлакачилик даврида йўқотилган моддий ҳамда маънавий бойликлар ўрнини қайта тиклаш, иқтисодиётни ривожлантириш, миллий ўзликни асраш йўлида кечаю кундуз меҳнат қиладиган давр келди.
Хулоса шундаки, коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар ана шу ҳодиса яшаб турган жамият яратган тизимнинг носоғлом яшашида намоён бўлади. Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, оммавий ахборот воситаларининг коррупцияга қарши курашдаги асосий вазифаси ижтимоий кайфиятни ёритиш: чўққининг ўткир нуқтасига етиб келганимизни эслатиб туришдан иборат.
Мирзоҳид Даминов,
Бухоро давлат университети
Педагогика институти директори,
педагогика фанлари номзоди, доцент