
Коррупция жамиятдаги энг жирканч иллатлардан бири сифатида адолатсизлик ва тенгсизликни келтириб чиқаради, одамларнинг давлат идораларига нисбатан ишончини сўндиради.
Тараққиётга жиддий тўсиқ бўлувчи бу иллат ижтимоий-иқтисодий соҳаларга катта зарар етказади, тармоқ ва соҳаларни заҳарлайди. Шунинг учун ҳам коррупция хавфи мавжуд бўлган жойда амалий саъй-ҳаракатлар самара бермайди, кутилган ривожланиш бўлмайди.

Коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик назорати муҳим аҳамият касб этади. Бу борада «Адолат» социал-демократик партияси ва Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида апрель ойи “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги”га деб эълон қилинди. Мазкур ойлик доирасидаги партиянинг вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари томонидан республикамизнинг барча ҳудудларида, давлат ва нодавлат ташкилотлари, муассасалар, маҳаллалар, банк ва ижтимоий соҳа муассасаларида турли тарғибот тадбирлари, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.

Коррупциянинг мамлакат ривожидаги салбий оқибатларини бартараф этиш, унга қарши курашишда жамиятнинг барча қатламларини фаоллаштириш, айниқса, ёшлар онгида муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот ишлари барча ҳудудда уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда.
Чилонзор туманида ўтказилган давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Беҳзод Тўхтамуродов иштирок этиб, коррупциянинг иқтисодий ва маънавий зарарлари, мамлакат тараққиётига тўсиқ бўлаётган асосий омиллардан бири экани, уни бартараф этишда ҳар бир фуқаронинг иштироки муҳимлигини айтиб ўтди. Шунингдек, депутат қонунчиликда коррупция омиллари учун белгиланган жавобгарликлар хусусида ҳам маълумот берди.

Айни пайтда юртимиз бўйлаб “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” доирасидаги тадбирлар изчил давом этмоқда. Ушбу ташаббуслар жамиятда ҳуқуқий онгни ошириш, фуқароларнинг фаоллигини кучайтириш ва коррупцияга қарши муросасизликни шакллантиришга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА