Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коронавирусга қарши вакцина олганлар ҳаёти хавф остидами? – Мутахассис жавоб берди

Ижтимоий тармоқларда коронавирусга қарши вакцина олган инсонлар ҳаёти хавф остида экани, хусусан, улар саратонга чалиниши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Бу ҳолат юзасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков қуйидагиларни маълум қилди:

– Аввало, ушбу хабарлар мутлақо асоссиз эканлигини алоҳида таъкидлаш керак. Маълумотларга кўра, пандемия бошлангандан то ҳозиргача дунё бўйича 710 миллион киши бу касалликка чалинган, 7 миллиондан кўпроғи ҳаётдан кўз юмди. Агар вакцина топилмаган ва эмлаш тадбирлари уюшқоқлик билан ўтказилмаганда, бу рақамлар бир неча баробар юқори бўлиши мумкин эди. Буни вакцина кашф этилгунга қадар ўтган бир йил давомида ўлим кўрсаткичи юқори бўлгани ҳам яққол тасдиқлайди.

Мутахассис сифатида шуни айтмоқчиманки, қўлланилган вакциналар геномга салбий таъсир қилмайди, бу ўз исботини топган. Тўғри, вакцинани қабул қилган айрим одамларда турли салбий ҳолатлар, масалан, нафас олиш қийинлашуви, тана ҳарорати ошиши ва юракнинг тез уриши каби белгилар кузатилган. Аммо бу вақтинчалик бўлиб, эмлангандан сўнг 2-3 кун ўтгач, барчаси ортда қолган. 

Материалда онкологик касалликлар хавфи ҳам вакцинага боғлиқлиги ва эмлашдан кейин танада пайдо бўлган салбий ҳолат(қабул қилинган вакцина)дан қутулиш учун эса карабаш ва арслонпанжаси гиёҳларидан фойдаланиш тавсия этилганки, бу ҳар бир мутахассисни таажжубга солиши, шубҳасиз. 

Бу соҳадан умуман йироқ бўлган одамнинг фикридан бошқа нарса эмас. Карабаш шамоллаш, нафас йўллари яллиғланишида, арслонпанжаси эса аёлларда гормонал ҳолатни мўътадил ушлаб туриш мақсадида қайнатма сифатида ишлатиб келинган. Шундан келиб чиқилса, ушбу икки гиёҳ вакцинадан кейин пайдо бўлган иммунитетга таъсир кўрсатиш ва йўқ қилиш хусусиятига эга эмас. 

Умуман, пандемия даврида бир қатор вакциналар қўлланилиб, эпидемик вазият юмшатилди, муҳими, дунё бўйича миллионлаб инсонлар ҳаёти сақлаб қолинди.

Шундай экан, бу каби хабарни тарқатиш ҳамда бундай маълумотларга ишонишдан олдин мутахассис билан маслаҳатлашиш мақсадга мувофиқ, деб биламиз.

М.Қосимова, ЎзА