Ўзбекистон ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан ҳамкорликда парламент фаолияти бўйича тажриба алмашиш дастури амалга оширилмоқда.
Дастур доирасида Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат делегация Корея Республикасига ташриф буюрди.

Ташриф давомида Кореянинг қонун ижодкорлиги, парламент фаолиятини тўғридан-тўғри ёритиш, очиқликни таъминлаш, парламентда IT инфратузилмасини такомиллаштириш, маҳаллий кенгашлар билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва бошқа йўналишлар бўйича тажрибаси ўрганилади.
Делегация вакиллари семинар машғулотларида иштирок этишдан ташқари яна бир қатор тадбирларда қатнашиши режалаштирилган. Жумладан, Корея парламенти аъзолари, Корея Миллий Ассамблеясининг Бюджет бошқармаси ва Қонунчилик тадқиқотлари бошқармаси вакиллари, шунингдек, KOICA ташқи ҳамкорлик гуруҳи билан учрашувлар ўтказилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон парламенти вакиллари Хвасон шаҳар кенгаши фаолияти билан яқиндан танишади ва ушбу шаҳар ҳокими билан учрашади.
Учрашувлар давомида икки мамлакат вакиллик органларининг ўзаро дўстона алоқаларини мустаҳкамлаш ва тажриба алмашинувини йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилади.
Н.Абдураимова, ЎзА