Япониянинг “The Japan Uzbekistan Silk Road Foundation” (JUSRF) фонди делегацияси Бухорода бўлди. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад вилоятнинг ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳаларидаги лойиҳалар билан яқиндан танишиш, ўзаро фикр алмашиш ва икки ҳудуд ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришдир.
Делегация Бухоро туманидаги “Бухоро Варнет” кластерига қарашли иссиқхона мажмуасида бўлиб, замонавий технологиялар асосида сабзавотлар етиштириш жараёни билан яқиндан танишди. Учрашувларда Бухоро вилояти ҳамда Япониянинг фонди ўртасида иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестицияларни фаол жалб қилиш, тажриба алмашиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Хусусан, икки ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилиш, қўшма туристик маҳсулотларни яратиш ва сайёҳлар оқимини кўпайтириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқиш орқали туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқотда томонлар халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик кўплаб долзарб масалаларга нисбатан ўхшаш қараш ва ёндашувга эга эканликларини билдирди. Ўтган йилларда мамлакатларимиз икки ва кўп томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда салмоқли ютуқларга эришгани қайд этилди.
Зариф Комилов, ЎзА