Жиззах вилоятининг Зафаробод туманидаги кўп қаватли уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ҳамда санитария ва техник ҳолати уйма-уй юрган ҳолда ўрганилмоқда.
Туман ҳокими Ғайратжон Эшпўлатов бошчилигида ташкил этилган ишчи гуруҳи вакиллари ҳудуддаги “Бўстон” ва “Узун” маҳалла фуқаролар йиғинларида жойлашган кўп қаватли уйлар хонадонларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлигини ҳамда санитария ва техник ҳолатини белгиланган жадвал асосида атрофлича ўрганиб чиқди.

Ушбу тадбир аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишда тизимли чоралар кўриш мақсадида ўтказилмоқда.
“Бўстон” МФЙ да 27 та, “Узун” МФЙ да эса 14 та кўп қаватли уй ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар жараёнида ишчи гуруҳи таркибига туман ҳокими, маҳаллалар уюшмаси вакиллари, нуроний ва хотин-қизлар тизими аъзолари ҳамда мутасадди ташкилотлар масъуллари киритилган.

Улар хонадонлардаги куз-қиш мавсумига тайёргарлик, жумладан иситиш тизими, шунингдек, санитария шароитлари, тоза ичимлик суви, электр энергияси, табиий ва суйилтирилган газ таъминоти ҳамда канализация қувурларининг ҳолатини текширишдан ўтказиб, юзага келган муаммоларни бирма-бир қайд этиб чиқишди.
Ўрганишлар натижасига кўра, аниқланган муаммолар тезкор равишда тегишли ташкилотларга етказилиб, уларни бартараф этиш бўйича туман ҳокими томонидан масъуллар зиммасига аниқ вазифалар юклатилди.

Шу билан бирга, тадбир иштирокчилари фуқароларга уйларини куз-қиш мавсумига пухта тайёрлаш, санитария ва техник жиҳатдан доимий назорат қилиш, мавжуд носозликлар ҳақида мутасадди ташкилотларга ўз вақтида хабар бериш ва уларни бартараф этишга кўмаклашиш муҳимлиги хусусида ҳам амалий тавсиялар беришди.
Зафаробод тумани раҳбарияти шу каби ўрганишларни мунтазам равишда ўтказиб, маҳаллий аҳоли ҳаётининг истиқомат қилиш сифатини яхшилашга катта эътибор қаратмоқда. Бу эса туманда яшовчи ҳар бир фуқаронинг барқарор ва хавфсиз яшашига хизмат қилади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари