Янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида суд ҳокимиятини ташкил этиш, судлар мақомини белгилаш, судьялар корпусини шакллантириш, уларнинг мустақиллиги билан боғлиқ конституциявий нормаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Асосий қомусимизга илк бор Судьялар олий кенгаши мустақиллиги тўғрисидаги жумла киритилиб, тузилмага судьялар корпусини шакллантирувчи ҳамда суд ҳокимияти мустақиллигини тасдиқлаган конституциявий тамойилга риоя этилишини таъминловчи конституциявий орган мақоми берилди.
“Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, биринчи марта тайинланаётган судьяликка номзодлар учун бенуқсон обрў-эътибор, ҳалоллик, лаёқат, етарли ҳаётий тажрибага эга бўлиш каби талаблар белгиланди. Шунингдек, номзод олий юридик маълумот ва камида етти йиллик соҳавий иш тажрибасига эга бўлиши зарурлиги ҳамда ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаслиги назарда тутилади.
Амалдаги тартибга мувофиқ, Судьялар олий кенгаши томонидан судьяликка номзодларнинг бенуқсон обрў-эътибори ва ҳалоллиги, жумладан аввалги ўқиш ва иш фаолияти, турмуш тарзи ҳар томонлама синчиклаб ўрганилади, ушбу касбни эгаллашга монелик қилувчи ҳолатлар бор-йўқлиги аниқланади. Даъвогарларнинг лаёқати эса зарур билими, кенг дунёқараши билан баҳоланади.
Судьяликка номзодларнинг касб кўникмасига эга бўлиши шартлиги инобатга олиниб, мамлакатимиз тарихида илк бор номзодларни тайёрловчи, судьялар малакасини оширувчи махсус давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси – Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ташкил этилиши суд-ҳуқуқ тизими ислоҳоти жараёнидаги муҳим тарихий воқеадир. Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва суд ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизими тубдан такомиллаштирилиб, “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 68-моддасида илк бор судьяликка тайинланадиган номзодлар ушбу мактабда мажбурий тартибда ўқиши шартлиги белгиланди.
Судьялар олий мактаби очилиши халқаро экспертлар томонидан ҳам юқори баҳоланди. Хусусан, Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масаласи бўйича БМТ махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян Олий кенгаш тузилгани, шунингдек номзодларни танлаш ва тайинлашнинг янги тартибини жорий этиш чоралари кўрилганини мустақил ва холис судлов тизимини яратиш борасидаги ижобий қадамлар сифатида баҳолаган.
Бугунги кунда Судьялар олий мактабида бўлажак судьяларни танқидий таҳлил асосида иш юритишга ўргатиш, қонунни тўғри қўллаш ва суд мажлисини олиб бориш, инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланган ҳолда асосланган қарорлар қабул қилиш кўникмасини ривожлантириш, интер фаол ўқитиш услубларини таълим жараёнига кенг жорий этиш каби муҳим вазифалар устида тизимли иш олиб борилмоқда.
Хусусан, таълим жараёнида эскирган ўқув-услубий ёндашувдан воз кечилган. Ўқув жараёни билан ҳуқуқни қўллаш амалиёти узвий боғлиқлиги таъминланган. Энг муҳими, тингловчида қарор қабул қилишга ижодий ёндашув шаклланишига алоҳида аҳамият берилмоқда. Шунингдек, касбий билимни чуқурлаштириш, суд маъмурчилигини юритиш кўникмасини эгаллашга, иш ва бошқарувни ташкил этишнинг инновацион шакл ва услубларини ўзлаштиришга қаратилган ёндашувлар эътиборга олиниб, тегишли мавзулар тўпланмоқда. Масалан, психологик ҳолатни назорат қилиш кўникмасини шакллантириш учун “Суд психологияси”, “Стресс ва стрессни келтириб чиқарувчи ҳолатларни бошқариш”, “Низони иш жараёнида ҳал қилишнинг самарали усуллари”, “Тайм менеджмент: иш жараёнини тўғри ва самарали ташкил этиш” каби дарс, машғулотлар олиб борилмоқда.
Судьялар олий мактабининг беш йиллик фаолияти давомида номзодларни тайёрлаш ўқув курсида жами 498 нафар кадр тайёрланди. Улардан ҳозирги кунга қадар 449 нафари ёки 90,2 фоизи судьяликка тайинланган. Бу республика бўйича жами 1431 нафар сульянинг 31 фоизини ташкил этади.
Судьялар олий мактабида амалда фаолият юритаётган судьялар ва суд ходимлари учун давомийлиги икки ҳафтадан кам бўлмаган малака ошириш курслари ҳам ташкил этилган. Ушбу курсларда ўтиладиган мавзулар Олий суд таклифи асосида шакллантирилаётгани ўқув машғулотларини асосан амалиётдаги мавжуд муаммолар ва йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этишга қаратилган материаллар асосида ташкил этиш имконини бермоқда.
Бугунги кунга қадар Судьялар олий мактабида жами 1536 нафар судья ва 942 нафар суд ходими малака оширди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида судьялар корпусини шакллантириш ва судлов малакали судьялар томонидан амалга оширилишини таъминловчи муҳим кафолатлар белгилангани одил судлов сифатини яхшилаш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинлигини ишончли ҳимоя қилиш, суд ҳокимияти нуфузини ошириш, фуқароларда судга ишончни мустаҳкамлаш ва ниҳоят судьялар мустақиллиги тамойилини амалда таъминлашга хизмат қилмоқда.
Иззат Полвонов,
Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги
Судьялар олий мактаби Ўқув бўлими бошлиғи