Адлия вазирлиги томонидан Конституцияда белгиланган нормаларнинг мазмун-моҳиятини кенг аҳоли қатламига, айниқса, ўқувчи ёшларга оддий ва содда тилда тушунтириш мақсадида “Конституцияга саёҳат” интерактив китоби ҳамда ҳуқуқий мультфильмининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Конституцияни биринчи марта болалар тилига ўгирган ушбу лойиҳа ундаги нормаларни бола тилидантушунтирувчи интерактив китоб ҳамда 40 сериялимультфильмдан иборат.
Лойиҳа ёшларни Конституциягаҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда ҳуқуқий саводхонлигиниянада оширишга қаратилган.
Унда ҳуқуқ содда тилда, болалар учун тушунарли тарзда ҳамда қизиқарли қаҳрамонлар тилидан ҳикоя қилинади.
Конституциядаги барча тартиб-қоидалар, ҳуқуқ ва мажбуриятлар болалар тилидан тушунтирилган. Конституциянинг деярли ҳар бир моддасига оддий ва тушунарли шарҳлар бериб борилган.
Ушбу лойиҳадан кўзланган мақсад ёш авлодни болаликдан ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, муаммо ва турли вазиятларга ечим топа оладиган ҳуқуқий онги ва дунёқараши юксак авлодни тарбиялашдан иборат.
Эндиликда, болалар тилига ўгирилган Конституция қоидалари китоби ва мультфильмлар мактабгача таълим ва мактаб ёшидаги болаларга фойдали бўлади, мактабларда Ҳуқуқ дарсларида қўлланилади ва Конституция нормаларини мактаб ёшидагиларга ўргатишда муҳим дастуруламал бўлади.
Тадбирда сўзга чиққанлар ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш, Конституциянинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан бошлаб ўргатишнинг аҳамияти, бу орқали юксак ҳуқуқий онгни шакллантириш келажакда ўз ҳуқуқини, бурчлари, вазифаларини пухта биладиган ва шунга мутаносиб ҳуқуқий демократик давлатни ривожлантирадиган авлодни тарбиялашда замин бўлиши ҳақида муҳим фикрларни билдириб ўтди.
[gallery-26586]
Тадбир давомида “Конституцияга саёҳат” лойиҳаси ҳамда болаларга ҳуқуқни содда тилда тушунтиришга қаратилган қатор янги лойиҳалар ҳақидаги видеороликлар ҳамда “Конституцияга саёҳат” мультфильмининг 1-қисми намойиш этилди.
Шу билан бирга “Конституцияга саёҳат” интерактив китоби Мактабгача таълим ва мактаб таълими вазирлигига топширилди.
Гулноза Бобоева, Ойбек Пардаев(сурат), ЎзА