Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А. Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган сана билан самимий муборакбод этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш ҳамда фуқаролик жамиятини шакллантириш, аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган барча эзгу ишларимизнинг мустаҳкам пойдевори - Конституциямиздир.
Дарҳақиқат, мамлакатимизнинг тарихан қисқа давр ичидаги ривожланиш босқичларига назар ташлар эканмиз, янгиланган халқчил Конституциямиз яратиб берган беқиёс имкониятлар натижасида Янги Ўзбекистонимиз том маънода имкониятлар ва тараққиёт маконига айланиб, аҳолининг яшаш шароити йилдан-йилга яхшиланиб бораётганини кўришимиз мумкин.
Айниқса, сўнгги йилларда Президентимизнинг фақат Қорақалпоғистон учун қабул қилинган 25 дан ортиқ фармон ва қарори билан кўп миллатли халқимизга кўплаб қулай шароитлар яратилганини, нуронийлар, ёшлар, хотин-қизларимиз, айниқса, ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар яқиндан қўллаб-қувватланаётганини, тадбиркорларга илгари бўлмаган имтиёз ва имкониятлар берилганини алоҳида таъкидлашимиз лозим.
[gallery-26612]
Байрам тадбирида “Энг намунали кўчабошилари" танлови Қорақалпоғистон Республикаси босқичининг ғолиблари тақдирланди.
Тантанали тадбир санъат усталарининг концерт дастури билан давом этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА