Тошкент шаҳрида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан “Коммунал хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларнинг бориши: эришилган натижалар ва келгусидаги долзарб вазифалар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов сўнгги йилларда коммунал хўжалик соҳасида амалга оширилган тизимли ислоҳотлар, эришилган натижалар ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга батафсил тўхталди.
Таъкидланганидек, коммунал хўжалик аҳоли ҳаёти билан бевосита боғлиқ бўлган, узлуксиз бошқарув ва юқори масъулиятни талаб этувчи мураккаб тизим ҳисобланади.
— Коммунал соҳа фақат инфратузилма эмас, балки инсоннинг кундалик ҳаёт сифати ва кайфиятига бевосита таъсир этувчи муҳим тизимдир, – деди вазир Шерзод Ҳидоятов. – Шу боис ҳар бир ислоҳот аввало, инсон қадрини юксалтиришга қаратилган. Йиллар давомида шаклланган тизимли муаммоларни бартараф этишда рақамлаштириш ҳал қилувчи омилга айланди. Хусусан, “Менинг уйим” биллинг тизими кўп квартирали уйларни сақлаш ва бошқариш жараёнларини инсон омилисиз, шаффоф ва рақамли тарзда амалга ошириш имконини бермоқда.
Жорий йилда мазкур тизим орқали бошқарув органларига 894 млрд. сўм мажбурий бадал тўловлари келиб тушди. Бу эса соҳадаги энг оғриқли муаммолардан бири — аҳолининг дебитор қарздорлигини камайтиришга хизмат қилмоқда. Шунингдек, “Кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг электрон реестри”, “Hot water”, “Хавфсиз лифт”, “Турар-жой” миллий ахборот тизимлари ишга туширилди.
2022-2025 йилларда соҳани тартибга солишга қаратилган 13 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, 1 та қонун ва 2 та Президент қарори қабул қилиниб, ҳуқуқий база мустаҳкамланди.
Кўп қаватли уйларни бошқаришда тадбиркорликни ривожлантириш, рақобат муҳитини кучайтириш ва сервис хизматлар бозорини шакллантириш йўналишида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
2022-2025 йилларда республика бюджети ва бошқарув органлари маблағлари ҳисобидан 34 501 та уйда таъмирлаш ишлари бажарилди. Ҳозирги кунда республикада 44 318 та кўп квартирали уй мавжуд бўлиб, уларда 1,5 миллиондан ортиқ хонадон жойлашган.
2025 йил давомида куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 9 812 та уй мукаммал ва жорий таъмирланди. Том қисмлари, кириш йўлаклари, ертўлалар, ички муҳандислик тармоқлари ва фасадлар янгиланди. Энергия тежамкор лампалар, кодли темир эшиклар ва замонавий ойна ромлар ўрнатилди. Давлат дастурлари, маҳаллий бюджет ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 6 448 та уйда таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Сўнгги беш йилда иссиқлик таъминоти соҳасида 98 та лойиҳа амалга оширилди. Жами 82 та қозонхона ва 333 км. иссиқлик тармоқлари қурилди ва реконструкция қилинди, 973 та индивидуал иссиқлик пунктлари ўрнатилди.
Натижада 2 354 та кўп қаватли уй ва 261 та ижтимоий объектнинг иссиқлик таъминоти яхшиланди. 2025 йилда 495 та уйнинг ички иссиқлик тизимлари тўлиқ тикланиб, 58 минг нафардан ортиқ аҳолининг яшаш шароити яхшиланди.
Шунингдек, соҳага доир туб ислоҳотларни амалга ошириш мақсадида Президентнинг 2025 йил 11 мартдаги қарорига мувофиқ, соҳада ягона давлат сиёсатини юритувчи орган сифатида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги белгиланди. “Иссиқликтаъминоти” АЖ эса мувофиқлаштирувчи ташкилот сифатида фаолият бошлади.
2025 йилда “Хавфсиз лифт” ягона электрон платформаси ишга туширилди. Республика бўйлаб 14 мингдан ортиқ лифт ускуналари хатловдан ўтказилиб, рақамлаштирилди.
Ичимлик суви таъминоти бўйича 2025 йилда аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан қамрови 82,8 фоизга, оқова сув тизими билан қамров эса 22,3 фоизга етказилиши режалаштирилган.
Шунингдек, кўп квартирали уйларнинг энергия самарадорлигини ошириш мақсадида фасадларни базальт қоплама билан қоплаш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Жорий йилда 983 та уйнинг 1,4 млн. кв.м. фасад қисми таъмирланди.
Тадбир якунида ОАВ вакиллари ва иштирокчилар томонидан берилган саволларга батафсил жавоблар қайтарилиб, коммунал хўжалик соҳасидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/-zFk4LAgGlU" title="Kommunal sohada qanday o`zgarishlar bor?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шаҳноза Маматуропова, Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА