Миллий матбуот марказида ташкил этилган анжуманда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда “Ўзбеккўмир” АЖ масъуллари шу ҳақда маълумот берди.
Унда Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Рустам Юсупов, “Ўзбеккўмир” АЖ бош директори ўринбосари Эркин Ёқубов, Бош прокуратура бошқарма прокурори Мансур Рўзимов сўзга чиқиб, мамлакатимиз ҳудудидаги конларда кўмир қазиб олиш жараёнларини рақамлаштириш, инсон омилини чеклайдиган шаффоф механизмларни жорий этиш, аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасаларига кўмир ёқилғисини етказиб бериш жараёнларини автоматлаштириш орқали коррупциявий омилларни камайтириш ва истеъмолчиларга қулайликлар яратишга катта эътибор қаратилаётганини қайд этди.
Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан 2024 йилда “Аҳолининг кўмир маҳсулотига бўлган талабини шакллантириш ва кўмир қазиб олишдан етказиб беришгача бўлган барча жараёнларнинг автоматлаштирилган тизими” – “mycoal.uz” махсус портали ишлаб чиқилди ва жорий этилди.
[gallery-23628]
2024 йилда “mycoal.uz” портали илк бор ишга туширилиб, бу даврда 6500 та маҳалла фуқаролар йиғини порталга уланди ва етказиб берувчилар ҳамда истеъмолчилар ўртасида аризаларни тасдиқлаш жараёнлари йўлга қўйилди.
Аҳоли истеъмолчиларининг 1,5 миллионта (2,0 миллион тонна) кўмир хариди учун аризалари қабул қилиниб, тасдиқланди. Портал орқали 760 минг тоннадан ортиқ кўмир аҳолига тарқатилди ва 230 миллиард сўмдан ортиқ пул тушуми таъминланди. “Ангрен” ва “Шарғун” кўмир конларидаги жараёнлар автоматлаштирилиб, қазиб олинган кўмир ҳажмлари ҳақида маълумотларни онлайн кузатиш имконияти яратилди.
Шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан кўмир маҳсулотларини вилоятларга етказиб бериш жараёнлари ва муддатларини реал вақт режимида кузатиш имкони таъминланди.
Истеъмолчиларга кўмирни ўлчаб бериш ва тарқатиш жараёнида фойдаланиладиган омборлардаги тарозилар автоматлаштирилиб, инсон омили максимал даражада чекланди.
Масъулларнинг маълум қилишича, 2025 йилда “mycoal.uz” портали орқали давлат ташкилотлари ва давлат-хусусий шерикликдаги муассасалар 1 майдан бошлаб онлайн ариза топширади.
Бу аризаларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш жараёнлари тегишли вазирлик ва идоралар иштирокида ҳамда уларнинг назоратида амалга оширилади. Шунингдек, аҳоли ўртасида кўмирга бўлган эҳтиёжни аниқлаш учун махсус Telegram бот ҳам ишга туширилган.
Тадбирда айтиб ўтилганидек, жорий йил аҳолига 1,4 миллион тонна, бюджет ташкилотларига 640 минг тонна, давлат-хусусий шериклик асосида хизмат кўрсатадиган муассасаларга 240,8 минг тонна маҳаллий кўмир етказиб берилади.
Н.Зиёдуллаева, О.Пардаев (сурат), ЎзА