Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида “Ёшлар ойлиги” доирасида “Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик!” шиори остида гала-концерт ташкил этилди. Шаҳардаги тарихий Оқсарой майдонида 85 минг нафардан ортиқ ёшларни атрофига жамлаган мазкур маданий дастур ҳақиқий маънода иқтидор ва бирдамлик уйғунлашган унутилмас шоуга айланди.
Концерт аввалида ёшларга замонавий билим ва касбларни эгаллаш, тафаккурини кенгайтириш, технологияларни ўрганиш имконини берадиган : “Устоз АИ”, “Мутолаа”, “Ибрат фарзандлари”, “УзЧесс”, “Қизлар академияси” каби Ёшлар ишлари агентлигининг мега-лойиҳалари кенг намойиш қилинди.
Тадбирда иштирок этган вилоят ҳокими Муротжон Азимов ёшларга ўз табригини йўллади ва Президентимиз томонидан илгари сурилаётган “Янги Ўзбекистон - янги авлод билан” ғояси амалда қандай намоён бўлаётганини алоҳида таъкидлади.
Пойтахтдан ташриф буюрган таниқли санъаткорлар, сўз усталари ва бошловчиларнинг чиқишлари фестивалга файз бағишлади. Айниқса, “Ёшлар овози — Бўзатов Фест” танлови ғолибларининг жонли ижродаги чиқишлари томошабинларда катта таассурот қолдирди.
[gallery-24050]
Ушбу гала-концерт нафақат байрам, балки ёшлар билан мулоқот, уларга ишонч билдириш ва истиқбол сари йўл кўрсатиш майдонига айланди. Тадбир сўнггида барча иштирокчилар қалбида фахр, ғурур ва мотивация уйғотган кўтаринки кайфият ҳукмрон бўлди.
Шунингдек тадбир доирасида “Шижоат ва ғайрат” ҳарбий-спорт мусобақасининг ҳудудий босқичи ғолиблари ва номинациялар бўйича турли йўналишларда фаол бўлган ёшлар тантанали тарзда тақдирланди. Бу орқали ёшларнинг фаоллиги ва жамиятдаги ўрнига юксак эътибор қаратилди.
Ушбу тарихий ва маънавий жиҳатдан муҳим тадбир ёшлар сиёсатининг амалий ифодаси, уларнинг келажакка ишонч билан қараб, Ватан тараққиётига ҳисса қўшишга тайёр эканлигини яққол кўрсатди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, кейинги йилларда Президентимиз томонидан ёшлар ташаббуси, иқтидори, салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида барча шароит яратиб берилмоқда.
Маҳалла даражасида ёшлар билан ишловчи мукаммал тизим, уни юргизувчи молиявий механизм яратилди. Масалан, “Ёшлар дафтари” орқали вилоятда сўнгги 3 йилда қарийб 65 минг нафар йигит-қизга 120 миллиард сўмлик турли ёрдам кўрсатилган.
Тил билиш бўйича СиВан сертификатига эга бўлган 1 минг 700 нафар ёшнинг қарийб 30 миллиард сўмлик имтиҳон харажатлари қопланди. Ўтган йилнинг ўзида 29 минг нафар ёшга тадбиркорлик, ипотека, таълим йўналишида 722 миллиард сўмлик кредит ажратилди.
Деҳқончилик қилмоқчи бўлган 7 мингдан ортиқ ёшга 6 минг гектар ер ажратилиб, улар учун барқарор даромад манбаи яратилди. Воҳадаги иқтидорли мактаб ўқувчилари, олийгоҳ талабалари учун вилоят ҳокими стипендияси таъсис этилди. Спорт, санъат, маданият соҳасидаги ёшлар учун “Мактаблар лигаси”, “Истеъдодли ёшлар” каби турли лойиҳалар йўлга қўйилди. Хорижий тил, АйТи, касб-ҳунар ўрганмоқчи бўлган ёшлар учун бепул курслар ташкил қилинди.
Албатта буларнинг барчаси ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган эзгу ислоҳотларнинг исботидир.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари