Ҳар куни миллионлаб инсонлар тонгни бир финжон иссиқ кофе билан бошлайди. Ушбу маҳсулот инсонни уйғотади, руҳлантиради ва кўп ҳолларда ижтимоий суҳбатларнинг ҳам ажралмас қисмига айланади. Аммо бу оддий ичимлик ортида чуқур тарих, кимёвий таркиб ва турли-туман маданий қатламлар яширинган.
Бугунги кунда кофе нефтдан кейинги энг кўп савдо қилинадиган маҳсулотлардан бири саналади. Ўзбекистонда ҳам ушбу маҳсулотга бўлган талаб ниҳоятда юқори. Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига қараганда, 2025 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистон 36 та давлатдан қиймати 3,9 миллион долларга тенг бўлган 431 тонна кофе импорт қилган. 2025 йилда Ўзбекистонга кофе етказиб берган давлатларни ҳудудлар кесимида ҳисоблайдиган бўлсак: Италия – 125 тонна, Бразилия – 81 тонна, Вьетнам – 39 тонна, Россия – 35 тонна, Германия – 31 тонна, Литвадан 28 тонна маҳсулот импорт қилинган.
Кўпчилик кофени фақат “уйғотувчи ичимлик” деб билади. Бу эса асосан “кофеин” деб аталувчи модда сабаблидир. Кофеин марказий асаб тизимини рағбатлантириб, ҳушёрликни оширади, чарчоқни камайтиради. Аммо кофе таркибида бошқа моддалар ҳам мавжуд. Мисол учун: тригонеллин, теофелин, хлороген кислоталар ва турли хилдаги углеводлар. Бу моддаларнинг ўзаро таъсири нафақат ҳушёрликни, балки руҳий ҳолат, метаболизм ва юрак фаолиятини ҳам яхшилаши мумкин.
Кофе шунчаки ичимлик эмас – маданият. Истанбулдаги қаҳвахоналардан тортиб, Париждаги кафе-галереяларигача ижтимоий мулоқот, санъат ва сиёсий фикр алмашинуви майдонига айланган. Айниқса, XVIII-XIX асрларда “кофе уйлари” зиёлилар, ёзувчилар йиғиладиган жой сифатида танилган.
Бугунги замонавий кафе маданияти эса ёшлар орасида “cо-working” макони, ижодий илҳом, ёки шунчаки тинч дам олиш учун энг машҳур жойлардан бири бўлиб қолмоқда. Йирик кофе брендлари бутун дунёда кофени глобал маданиятга айлантирди.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА