
Жорий йил 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мазкур фармоннинг мазмун-моҳияти ва мақсадлари қандай? Умуман, кўчмас мулкнинг ҳақиқий қийматини ким белгилайди? Шулар хусусида Кадастр агентлиги директори ўринбосари Мирсаид МИРМАҚСУДОВ билан суҳбатлашдик.
– Мазкур фармон имзоланишининг асосий сабаби кўчмас мулк объектларининг қийматини аниқ белгилаш ва уни бозор нархига яқинлаштириш зарурати бўлди, – дейди М. Мирмақсудов. – Бу тизим фуқаролар ва тадбиркорларнинг иқтисодий активларини оширишга ҳам хизмат қилади. Мақсадлари эса республикада мавжуд 8 миллиондан ортиқ турар ва нотурар жойлар ҳамда 7 миллионга яқин ер участкаларининг қийматини иқтисодий актив сифатида белгилаш, кўчмас мулкнинг баҳосини солиқ солиш, олди-сотди, гаровга қўйиш, жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ва бошқа ҳуқуқий масалалар бўйича ҳисобга олишдир. Бундан ташқари, кўчмас мулк бозорига оид тўлиқ маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда солиққа тортишда адолат тамойилларини таъминлаш ҳам айни фармонда алоҳида қайд этилган.

– Буни амалга ошириш тизими қандай бошқарилади?
– Бу ишларни Кадастр агентлиги ҳузурида ташкил этилган Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази амалга оширади. Бундан ташқари, республика ва маҳаллий ижро ҳокимияти, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда бошқа ташкилотлар ушбу миллий марказнинг ахборот тизимига интеграция қилинади ва зарур маълумотларни тақдим этади.
– Маълумки, республикамиздаги барча кўчмас мулкларни бир вақтнинг ўзида ягона тизимга ўтказиш имконияти мавжуд эмас. Ушбу жараён қандай тартибда амалга оширилади?
– Оммавий баҳолаш тизими босқичма-босқич жорий этилади. Жумладан, 2025-2026 йиллар – Тошкент шаҳрида тажриба-синов тариқасида, 2026-2027 йиллар – Нукус шаҳри ва вилоят марказларида, 2027 йил ва кейинги йиллар – мамлакатнинг бошқа ҳудудларида.
– Кўчмас мулкни баҳолаш солиқ юкига таъсир қилмайдими?
– Йўқ, аксинча, ер солиғи ва мол-мулк солиғи бўйича солиқ базаси кенгайгани сабабли солиқ ставкаларини пасайтириш режалаштирилган. Бу эса аҳолига ҳам, тадбиркорларга ҳам қулайлик яратади.
– Бундан қандай натижаларни кутиш мумкин?
– Бу тизим бир қатор ижобий натижаларга олиб келади. Масалан, солиқ базаси бозор нархига яқинлашади, натижада арзонроқ мулк эгалари юқори солиқлар тўлаш мажбуриятидан қутилади. Давлат кўчмас мулк бозори бўйича тизимли маълумотлар базасига эга бўлади. Бу эса уй-жой нархлари ва инвестициялар устидан назоратни кучайтиради. Яна бир жиҳати – хусусийлаштириш жараёнлари, коррупцияга қарши кураш ҳамда ижтимоий ҳимоя тизимлари янада самарали бўлади. Давлат бюджетига тушумлар ошади, давлат эса капитал қўйилмалар бўйича маблағни тежаш имкониятига эга бўлади. Асосийси, фуқаролар ва тадбиркорларимизнинг давлатга бўлган ишончи ортади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкин, мазкур тизим иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва адолатли солиқ тизимини яратиш йўлида муҳим қадам бўлади.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА