Сўнги йилларда она тилимизни ривожлантириш, давлат идораларида айнан она тилида иш юритиш билан боғлиқ жиддий масалалар кўпчиликни қувонтирмоқда.
Хабарингиз бор Президент томонидан 2020 йил 20 октябрда «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги
фармон имзоланди. Ушбу фармон билан ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги
обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва вазифаларини белгилаш назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонун ҳужжатлари ижроси бўйича Халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида ҳар чоракда амалга оширилган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Aфсуски, тумандаги айрим тадбиркорлик субъектларининг ўзи бошқариб турган савдо дўконларидаги пешлавҳалар, реклама ва эълонлар рус ва хорижий тилларда ёзилганлигини кўрасиз.
Aйниқса аҳоли гавжум жойлар, бозорлар, савдо расталари, маҳалла гузарлари, кўчаларда панно ва баннерлар, лавҳалардаги ёзув ва тасвирларнинг давлат тили қоида-меъёрларига мос эмас.
Жорий йилнинг 11 ойи давомида туманда Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги ва «Реклама тўғрисида»ги қонун талаблари бузилиши билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.
Жумладан, туман ҳокимининг тегишли фармойиши билан ишчи гуруҳи таркиби тузилиб, ҳозирга қадар 476 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари, хизмат кўрсатиш объектлари, корхона ва ташкилотлардаги пешлавҳалар, нархномалар ва эълонлар, айниқса аҳоли гавжум жойлар, бозорлар, савдо расталари, маҳалла гузарлари, кўчалардаги панно ва баннерлар, лавҳалардаги ёзув ва тасвирларнинг давлат тили қоида-меъёрларига мос эмаслиги ҳолати бирма-бир ўрганилди. Натижада 152 та пешлавҳа тартибга келтирилиб, қонун талабларига мос келмаган 114 та реклама-баннерлари олиб ташланди.
Бундан ташқари, давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлининг четида ўрнатилган бир ҳудуддан бошқа бир ҳудудга ўтганлигини билдирувчи пешлавҳаларнинг яроқлилиги ва улардаги ёзувларнинг лотин ёзувида хатосиз, давлат тилида ифодаланганлиги ўрганилди. Натижада 4 та
ҳолат бўйича аниқланган камчиликлар тегишли ташкилотлар билан биргаликда бартараф этилди.
Шунингдек, туманда йил бошидан ҳозирга қадар 482 та
якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган тадбиркорлар турли номлар билан Давлат хизматлари маркази томонидан рўйхатдан ўтган. Ҳозирда келиб тадбиркорлар билан давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқ келадиган, объектларга қўйиш тавсия этиладиган номлар танланиб тартибга келтирилмоқда.
Aслида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2021 йил 16 мартдаги «Савдо, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларига ном беришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 144-сонли қарори билан объектларга ном бериш «Давлат тили ҳақида»ги, «Фирма номлари тўғрисида» ва «Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари талабларига риоя этилган ҳолда амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Юсуф НAСУЛЛAЕВ,
Вобкент тумани ҳокими маслаҳатчиси