
Санъат - у қайси йўналишда бўлмасин жамиятимизда инсон онгини шакллантириш, маънавий завқ бериш, эзгуликка чорлашдаги ўрни ва роли беъқиёс. Бугун шаҳару кўчаларимизни, хиёбону одамлар гавжум жойларни безаб турган баннерлар, плакат ва бошқа тасвирий-тарғибот воситалари одамларнинг дунёқарашларини кенгайтириш, юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлашдаги аҳамияти юқори.
Баъзан атрофимиздаги ўзгаришлар, янгиланишлар, бунёдкорлик ишлари, юрт қаҳрамонларини ҳам ана шу тарғибот воситалари орқали билиб оламиз, ёшларимиз уларга қараб ибрат олади, шундай бўлишга интилади, катталар ўз эзгу режаларини тузади, хуллас барчани эзгу ҳаракатга, ҳаётини яхшилик томон ўзгартиришга чорлайди. Лекин бунинг ортида қанчалик машаққатли меҳнат, қанчалик ижод ва изланишлар борлигини кўпинча тасаввур қилмаймиз. Айнан шу йўналишда “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси жамоасининг маҳоратли ижодкорлари тинимсиз изланишлар олиб боради.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мажлислар залида ўтказилган кўргазмали семинарда уларнинг меҳнати эътироф этилиб, ўтган йили уюшма томонидан амалга оширилган ишлар, келгусидаги янги режалар ва соҳа олдидаги муаммолар бўйича ҳисобот берилди.
Жорий “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширилиши лозим бўлган устувор йўналишларга ҳам тўхталиб ўтилди. Семинарда иштирок этган уюшманинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларига ушбу мавзуга оид замонавий тасвирий тарғибот воситалари орқали безаш, замонамиз қаҳрамонларининг сиймоларини акс эттириш бўйича аниқ топшириқ ва вазифалар белгиланди. Унда асосий эътибор аҳоли ўртасида экологик маданиятни ошириш, бу соҳадаги муаммоларни тасвирлар орқали, иқтибослар орқали кенг жамоатчиликка етказиш ва ёшларнинг эътиборини қарата оладиган, фикрлашга чорлайдиган баннерларни кўпайтириш бўйича тавсиялар берилди.
Семинар давомида йил дастурига бағишлаб тайёрланган “Табиатни асраш – инсонни, Ватанни асраш демакдир” номли тавсиялар қўлланмаси тақдимоти бўлиб ўтди. Унда асосан иқтибослар, ҳадислар, халқ мақоллари, шеърий мисралар, дунё донишмандларининг чуқур маъноли фикрлари, алломаларимизнинг ҳикматли гаплари, панду-насиҳатлари ўрин олган бўлиб, ушбу қўлланма соҳа мутахассисларининг иш жараёнларида жуда қўл келади.
[gallery-22647]
Масалан, турли байрам тадбирлари ўтказиладиган жойлар, шаҳарнинг марказий кўчалари, маҳаллалар, ҳиёбонлар, бозору бекатларни, оммавий тадбирлар ўтказиладиган масканларни, маънавият хоналарини безашда фойдаланиш мумкин.
Семинар давомида атроф-муҳитни асрашни тарғиб қилувчи видеороликлар намойиш этилди. Якунида энг фаол маънавият тарғиботчилари рағбатлантирилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/LCTb5sZIFQE" title="Koʻchalar kuylasin, ezgulik gapirsin!" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Санжар Тошпўлатов, Носир Ҳайдаров (сурат), Аброр Содиқов, Анвар Аҳмедов (сурат, видео), ЎзА