Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти ва сўнгги пайтда нашр этилган китоблар тақдимотига бағишланган тадбир ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ўтказилди.
Унда исломшунос олимлар, илмий тадқиқотчилар, Термиз давлат университети ва Имом Термизий номидаги ислом институти талабалари, Адиб Собир Термизий номидаги ахборот-кутубхона маркази ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тақдимотда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Музаффархон Жониев, Дин ишлари бўйича қўмитанинг Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Ҳусан Менгноров, Термиз давлат университети филология фанлари номзоди Бобоназар Муртозаев, Имом Термизий номидаги Ислом институти ректори Камол Исламов, Адиб Собир Термизий номидаги Ахборот-кутубхона маркази директори Маъруф Абдушукуров ва бошқалар мамлакатимизда ислом дини ва юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар меросини чуқур ўрганишга қаратилаётган эътибор ҳақида атрофлича сўз юритди. Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий тадқиқотчилари ҳам бу борада салмоқли ишларни амалга ошираётгани таъкидланди. Турли мафкуравий хуружлар авж олаётган бизнинг давримизда буюк аждодларимизнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш, улардаги эзгу ғоя ва таълимотларни халқимизга етказиш ва шу асосда ёшларда соғлом дунёқарашни кучайтириб, уларни азалий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳақида фикр алмашилди.
[gallery-22868]
Президентимизнинг 2017 йил 14 февралдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида ислом дини, жумладан, ҳадис илми, Исо Термизий ҳамда термизий алломалар мероси тадқиқ этилиб, чуқур ўрганилмоқда. Диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланишга қаратилган дарслик ва ўқув қўлланмалари, оммабоп нашрлар, илмий-амалий тавсиялар тайёрланиб, чоп этилаяпти.
Ўтган даврда марказ халқаро алоқаларни кенг йўлга қўйиб, Америка, Буюк Британия, Туркия, Ҳиндистон, Жазоир, Марказий Осиё мамлакатлари ва бошқа қатор давлатлардаги илмий-тадқиқот марказлари ҳамда таълим муассасалари билан меморандум имзолаб, ҳамкорлик ўрнатди. Шунингдек, кўплаб халқаро, маҳаллий анжуман ва семинарлар ташкил этилди.
Имом Термизий, Ҳаким Термизий ва бошқа термизий алломаларнинг асарлари чоп этилмоқда. Жумладан, шу пайтгача 35 та китоб, рисола ва қўлланма нашр этилди. Улуғ мутафаккирларнинг 13 та китоби чоп этишга тайёрланмоқда. Тўртта китоб таржима қилинмоқда. Марказ илмий ходимлари олтита асар ёзмоқда.
Марказда Имом Термизий ва термизий алломаларнинг илмий меросига оид 70 га яқин қўлёзма асарларнинг электрон нусхаси базаси шакллантирилиб, икки мингга яқин даврий нашрдаги китоб сақловга олинди. Иккита қўлёзма китоб ва олтита тошбосма асарнинг каталоги тайёрланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 15 августдаги “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида ўтган йили мамлакатимиз, жумладан, улуғ олим камолга етган Сурхондарё вилоятида ислом оламининг энг машҳур олим ва уломалари иштирокида буюк аждодимиз юбилейи кенг нишонлангани ҳам Имом Термизий ҳамда термизий алломалар ҳаёти ва асарлари сайёрамизда ҳамон катта қизиқиш билан ўрганилаётганини кенг намоён этди.
Тадбирда янги чоп этилган “Сунани Термизий шарҳи” асарининг дастлабки уч жилди, Ҳаким Термизийнинг “Таҳсилу назоир ал-Қуръон” асари ва бошқа термизийларнинг китоблари тақдимот қилинди. Бу асарлар фиқҳ, тафсир, ҳадис, ахлоқ, тасаввуф ва тарихий-маънавий мерос каби муҳим йўналишларда бўлиб, ўқувчиларнинг илмий савиясини ошириш, эътиқодий ва маънавий дунёқарашини бойитишда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир доирасида марказ фаолияти акс этган видеоролик, Сурхондарё вилояти мусиқали драма театри санъаткорлари саҳналаштирган “Имом Термизий” спектаклидан парча намойиш этилди. Илмий-тадқиқот маркази ва Адиб Собир Термизий номидаги Ахборот-кутубхона маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Иштирокчиларга янги чоп этилган китоблар туҳфа қилинди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири