Китоб – инсоннинг маънавий оламини бойитувчи, фикр доирасини кенгайтирувчи ва уни чуқур мушоҳада ҳамда теран англашга ўргатувчи бебаҳо хазина. У нафақат билим манбаи, балки одоб-ахлоқ, маърифат ва маданият сабоқларини берадиган, ҳаёт йўлида доимий йўлдош ҳисобланади.
Ҳар бир ўқилган китоб инсон қалбида янги бир маъно ва идрок эшигини очиб, ҳаётга янгича назар билан қарашга ундайди. Китоб мутолааси сабаб инсон ўтмишдан мерос қолган беқиёс маънавий бойликка эга бўлади.
Шу мақсадда “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятида доимий китоб ярмаркалари ташкил этилади ва ходимлар ўртасида китобхонлик маданияти тарғиб қилинади.

Бугун ҳам ташкилотда навбатдаги китоб ярмаркаси бўлиб ўтди. Унда жамиятда фаолият юритаётган мутахассислар ва ишчи-ходимлар иштирок этиб, янги нашрлар билан танишиш, ўзига маъқул китобларни харид қилиш имкониятига эга бўлдилар.
Жамият ахборот хизмати раҳбари Шаҳноза Равшанова таъкидлаганидек, бу тадбирлар жамоа аъзолари учун нафақат китоблар олами билан танишиш, балки билим олиш ва касбий салоҳиятни ошириш имкониятидир.
– Китоб ҳар бир инсон ҳаётида нур ва маърифат манбаи бўлиб қолиши зарур. Биз ярмаркалар орқали ходимларимизда китоб ўқишга бўлган қизиқишни янада кучайтириш, уларнинг маънавий эҳтиёжларини қондиришга ҳаракат қиламиз. Китоб ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлиб қолиши керак. Шундай экан, у ҳақиқий маънавият сарчашмаси сифатида инсон ва жамият тараққиётининг энг муҳим таянчи бўлиб келган ва келгусида ҳам шундай бўлиб қолади, – деди у.

Дарҳақиқат, китоб маънавият сарчашмаси сифатида инсонда эзгулик, меҳр-шафқат, ватанпарварлик, ҳақиқатга интилиш каби олий инсоний фазилатларни шакллантиради. Бугунги кунда ҳар қандай жамиятнинг тараққиёти ва интеллектуал салоҳияти кўп жиҳатдан аҳолининг китобга бўлган муносабатига боғлиқ.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА