Андижон вилояти солиқ бошқармаси ташаббуси билан Хонобод шаҳрида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Тадбирда сўз олган бошқарма бошлиғининг ўринбосари Муҳаммадмирзо Нуманов кичик ва ўрта бизнес вакилларининг мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришдаги ўрни ва роли муҳим эканлигини, вилоятда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади. Хусусан, солиқ идоралари томонидан уларни қийнаётган муаммо ва масалаларни қонуний ҳал этилишига яқиндан ёрдам кўрсатилаётганлигини ҳам айтиб ўтди.
Очиқ мулоқот давомида тадбиркорларнинг асосан солиқ ҳисоботларини топшириш, имтиёзлардан фойдаланиш ва кадастр органлари билан боғлиқ муаммо ҳамда таклифлари эшитилди. Уларни ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.

Жумладан, Хонобод шаҳридаги “Xon Zebo med” масъулияти чекланган жамияти турли доривор гиёҳлардан дори воситалари тайёрлайди ва сотади. Жамият раҳбари Муҳитдин Алижонов мулоқотда доривор гиёҳлар етиштириш учун қўшимча ер майдони олишга кўмаклашиш юзасидан мурожаат қилди. Мутахассислар томонидан ушбу масала қай тартибда қонуний ҳал этилиши юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Мулоқот давомида билдирилган аксарият масалалар ижобий ҳал этилди. Ўрганиш, ҳал этилиши маълум вақт талаб этиладиган муаммолар ижроси назоратга олинди.

Тадбир якунида мамлакатимиз иқтисодиёти ва хусусий сектор ривожига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ намунали солиқ тўловчилар “Энг кўп фискал чек берган тадбиркор”, “Энг кўп экспортни амалга оширган тадбиркор”, “Энг кўп иш ўрни яратган тадбиркор”, “Энг ёш тадбиркор” йўналишлари бўйича ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, мулоқотда солиқ идораси мутахассислари томонидан солиқ қонунчилиги, ҳисоботларни топшириш тартиблари ҳақида ҳам тушунтиришлар берилди. Тадбиркорларни қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислар томонидан батафсил жавоб қайтарилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари