
Бухоро вилояти солиқ бошқармаси томонидан кичик ва ўрта бизнесни янада ривожлантириш, бу борада уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган очиқ мулоқотлар ўтказилиши йўлга қўйилмоқда. Ана шундай учрашувларнинг дастлабкиси Бухоро шаҳрида ташкил этилди.
Солиқ бошқармаси раҳбарияти ҳамда Савдо-саноат палатасининг вилоят бошқармаси масъуллари иштирокида ўтган ушбу учрашувда тадбиркорлар фаолиятида дуч келаётган долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Учрашувда кичик ва ўрта бизнесни янада ривожлантириш, бу борада ушбу тармоқ вакилларига берилган енгилликлар ҳамда солиқ имтиёзлари, солиқ органлари томонидан яширин иқтисодиётни олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб, тадбиркорларга мавжуд имтиёзлар тўғрисида батафсил тушунчалар берилди.

Учрашувда Президентимизнинг жорий йил 19 март куни кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан очиқ-мулоқотида тадбиркорликни ривожлантириш борасида белгилаб берилган йўналишлар бўйича имкониятларини ишга солиб, фаолиятини ривожлантиришни ният қилган бир қатор ишбилармонлар сўзга чиқиб, ўз таклифларини билдирди.

Хусусан, учрашув жараёнида бир қатор кичик бизнес субъектларининг лойиҳалари билан яқиндан танишиб, тадбиркорларнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва қўшимча иш ўринлари яратишга қаратилган бизнес лойиҳалари ўрганилди.

Очиқ ва самимий руҳда бўлиб ўтган мулоқотда қулай инвестиция муҳитини яратиш ва экспорт салоҳиятини ошириш, ишчи ўринларини яратиш ҳамда солиқ қонунчилиги талабларига тўлиқ амал қилишдаги ибратли фаолияти билан ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ тадбиркорлик субъектлари эътироф этилди.
Мулоқотда иштирокчиларнинг солиқ имтиёзларидан фойдаланиш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, қўшилган солиқ тўловидан ҳосил бўлган суммани бошқа солиқ турларига ўтказиш ва қайтариш, товарларни рақамли маркировка қилиш каби йигирмадан ортиқ муаммолари ҳал этилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.