Мамлакатимизда ёшларнинг бандлигини таъминлаш, олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг меҳнат бозорига интеграциясини кучайтириш, хусусий сектор ва тижорат банклари иштирокида кадрлар тайёрлаш жараёнини такомиллаштириш борасида кейинги йилларда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 14 февралдаги “Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ҳам бу борада қилиниши керак бўлган аниқ вазифалар белгиланган.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида “Келажакка қадам” дастури асосида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, “Ўзмиллийбанк” АЖ билан ҳамкорликда “Карьера куни” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Тадбирда республика, вилоятлар, шаҳар ва туманлар даражасидаги 100 дан ортиқ ташкилот, муассаса, корхоналар ва йирик тадбиркорлик субъектлари ўзларининг 10 мингдан ортиқ бўш иш ўринлари, ташкилоти ҳақида кўргазмали ҳамда тарқатма материаллари билан иштирок этди.
Меҳнат ярмаркаси давомида “Ўзмиллийбанк” АЖ ҳузуридаги “Келажакка қадам” марказининг университетдаги филиали фойдаланишга топширилди. Мазкур марказда бундан буён “Ўзмиллийбанк”нинг ходимлари доимий фаолият юритади. Бу юртимизда кичик бизнеснинг ривожини таъминлаш орқали ёш мутахассисларнинг келгуси фаолиятларига янгича руҳ бағишлаши билан эътиборлидир.
“Карьера куни” меҳнат ярмаркасида Ўзбекистон Миллий университетга туташ маҳаллалар, Ички ишлар органлари вакиллари ҳам ўз таклифлари билан қатнашди. Тадбир давомида ўнлаб ёшлар, кўплаб маҳаллаларда иш излаган юртдошларимиз ўз иш ўринларига эга бўлди.
Маълумот учун, бугунги кунда Ўзбекистон Миллий университетида 56 та бакалавриат йўналиши, 59 та магистратура мутахассислиги бўйича 34 мингдан ортиқ талабалар таҳсил олмоқда. 98 та докторантура ихтисосликлари бўйича 1000 дан ортиқ ёш тадқиқотчилар илмий иш билан шуғулланмоқда. Шундан 7 минг 500 нафардан зиёд битирувчилар ёш мутахассис сифатида мамлакатимизнинг турли корхона ва ташкилотларида ишлаб чиқариш бўғинларида фаолиятга киришади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/WVBZCqgvVOc" title="“Kelajakka qadam” markazining universitetdagi filiali foydalanishga topshirildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Т.Рўзиев, Н.Абдувоитов (видео), ЎзА