
“Катта еттилик” мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги йиғилиши қўшма баёнотида "Украинада ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилмаса, Россия Федерациясига қарши санкция ва бошқа чоралар жорий этилиши мумкинлиги “муҳокама қилингани” айтилган.
- Россияни тенг шарт асосида ўт очишни тўхтатишга рози бўлиш ва жараённи тўлиқ амалга ошириш орқали ўзаро жавоб беришга чақирдик, - дейилган баёнотда. - Сулҳга эришилмаса, қўшимча харажат, жумладан санкция, нефть нархини чеклаш, Украинага қўшимча ёрдам кўрсатиш каби воситалар орқали Россияга қарши чора кўрилади. Бу Россиянинг суверен активларидан олинадиган фавқулодда даромадлардан фойдаланишни ҳам назарда тутади.
Шунингдек G7 мамлакатлари Украинани қўллаб-қувватлаши, мамлакат мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиши ҳам тасдиқланган.
Россия Украинада махсус амалиёт бошлагач, ЕИ ва G7 мамлакатлари РФнинг тахминан 300 миллиард еврога тенг валюта захирасидан деярли ярмини музлатиб қўйган. 200 миллиард евродан ортиқ маблағ Европа Иттифоқида, асосан Бельгиянинг дунёдаги энг йирик ҳисоб-китоб ва клиринг тизимларидан бири "Euroclear" ихтиёрида сақланмоқда.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Европадаги Россия активлари музлатилишини "ўғирлик" деб атаб, ЕИ нафақат хусусий маблағлар, балки давлат активларини ҳам нишонга олганига эътибор қаратган.
С.Раҳимов, ЎзА