Касбий таълим – қизлар учун барқарор келажак пойдевори
Мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, билим олиши, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши ва фаолият юритиши учун муносиб шарт-шароитлар яратишга устувор аҳамият қаратиб келинади. Шунингдек, касбий таълимни ривожлантириш орқали хотин-қизларни иш билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор билан ёндашилмоқда.
“Миллий тикланиш” демократик партияси ўз фаолиятида “Маърифатли она – қудратли миллат” тамойили асосида жамиятнинг илғор қатлами билан ишлаш, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини оширишга кўмаклашиб келади.
Ушбу йўналишдаги партия дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, Тошкент илғор касбий маҳорат техникумида Касбий таълим агентлиги билан ҳамкорликда “Касбий таълим – қизлар учун барқарор келажак пойдевори” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.

Тадбирда турли соҳаларда самарали фаолият юритиб, улкан натижаларга эришиб келаётган раҳбар аёллар, сиёсий лидерлар ҳамда Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари иштирок этди.
Тадбирда партия Маказий кенгаши раиси ўринбосари Фируза Муҳаммаджонова 2026 йил 3 мартдаги “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Президент фармони мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича тушунчалар берди:
– Мазкур ҳужжат юртимизда аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига қарши муросасиз муҳитни шакллантириш йўлида ташланган муҳим қадам бўлди. Унда партиямиз томонидан илгари сурилган бир қатор таклифлар, жумладан, ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабалар учун масофавий таълим имкониятларини кенгайтириш, эрта турмуш қуриш ҳолатларининг олдини олиш, никоҳ ёшини камайтиришнинг аниқ (тугал) асосларини белгилаш, вояга етмаганларга нисбатан содир қилинган жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум қилишга оид таклиф ва ташаббуслар ўз аксини топгани бизни беҳад қувонтирди.

Тадбир якунида партия ҳамда Касбий таълим агентлиги ҳамкорлигида хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш, бандлигини таъминлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, оилани мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.
М.Комилова, ЎзА