Замонавий банк тизимида муваффақиятга эришишнинг муҳим омили малакали ва доимий равишда ўз билимини ошириб борадиган ходимлардир. Тез ўзгарувчан муҳитга эга банк соҳасида янги технологиялар, рақобатнинг кучайиши ва мижозлар талабининг ўсиши ҳар бир ходимдан доимий ривожланишни талаб этади. Шу боис, банк ходимларининг мунтазам ўқиб-ўрганиши соҳанинг барқарорлиги ва самарадорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамиятининг 2025–2026 йилларга мўлжалланган янгиланган стратегиясини амалга ошириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси юзасидан “Ўзгарувчан дунёда карьера ўсиши: келажак кўникмалари, жамоани бошқариш ва турғунлик сабаблари” мавзуида ўтказилган ўқув- семинар ҳам ходимлар малакасини оширишга қаратилди.
Банк ўқув марказида ташкил этилган тадбирда бош бошқарма ходимлари иштирок этди.
[gallery-24771]
Семинарда ходимларнинг ўз касбий фаолиятида муваффақиятга эришиши учун зарур бўлган замонавий кўникмаларни ривожлантириш, етакчилик ролини шакллантириш, жамоа билан ишлаш сирларини ўргатиш, трансформацияга тайёргарликни кучайтириш ва карьера ишига тўсқинлик қилувчи омилларни аниқлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир давомида “Банк соҳаси келажаги”, “Жамоа ва соҳанинг келгуси авлодларини бошқариш” мавзуларида тренинг-машғулотлари ўтказилди. Унда рақамли саводхонлик, мослашувчанлик, жамоани бошқариш, карьерада юзага келадиган турғунлик ҳолатларининг асосий сабаблари, яъни ўзгаришларга қаршилик, билимларни янгиламаслик, мотивациянинг пасайиши каби масалалар таҳлил қилинди. Шахсий ривожланиш режасини тузиш бўйича кўрсатмалар берилди.
– Бугунги ўқув- семинаримиз кадрлар захирасини шакллантириш, раҳбар кадрларни тайёрлаш мақсадига қаратилган, – дейди “Ўзмиллийбанк” АЖ ўқув маркази раҳбари Турдиали Сейдуллаев. – Семинар давомида иштирокчилар ўз касбий салоҳиятини янада юксалтириш, фаолиятида янги марраларга эришиш учун муҳим билим ва кўникмаларга эга бўлди.
Иштирокчилар ўз тажрибалари билан ўзаро ўртоқлашди, мавзу юзасидан саволлар бериб, мутахассисдан батафсил жавоб олди. Қизғин баҳс-мунозаралар эса тадбирнинг янада самарали ўтишига хизмат қилди.
Камола Юсупова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА